Жомбой туманида маърифатпарвар аллома Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий таваллудининг 160 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.
Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий миллий уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири, шоир, таржимон, маърифатпарвар инсон эди. У 1864 йилда Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топган.
Ёшлигида ота-онасидан етим қолиб, бобоси қўлида вояга етган. Янгасидан хат-савод ўрганган, соатсоз устага шогирд тушиб шу ҳунарни ўрганган. Ғоят қийин шароитда ўсган бўлса-да, таълим олиш, хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи кучли бўлган. Араб, форс, озарбайжон, рус тилини ўрганган. Шеърлар, достонлар ёзган ва хорижий тиллардан бадиий асарлар таржима қилган.
[gallery-19276]
1901 йилда Ҳаж сафарига отланиб, бир қатор мамлакатлар, шаҳарларда бўлган. Ана шу сафари давомида бир муддат Жидда шаҳрида Русия элчихонасида таржимонлик қилган.
Ўз даври жадидлари қаторида Ажзий ҳам халқнинг маърифатли бўлишини истаган, бунинг учун ҳаракат қилган. 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида мактаб очиб, болаларга таълим-тарбия берган, дарсликлар ёзган. Бу мактаб биноси ҳозиргача сақланиб қолган.
Бугун юртимизда жадидлар ҳаёти ва фаолияти, илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш жараёнида Жомбой тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий таваллудининг 160 йиллиги муносабати билан маърифий тадбирлар ташкил этди.
Дастлаб, Ҳалвойи қишлоғидаги муқаддас қадамжо – Имом Шамсулайимма Абдуллазиз ибн Аҳмад – Ҳалвойи ота мақбараси зиёрат қилинди. Ўтганлар руҳига қуръон тиловат қилинди.
Тадбир иштирокчилари Ажзий қурдирган мактаб биноси ва бу ерда ташкил этилган музей ҳамда ҳудуддаги 19-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди. Мактаб ўқувчилари улуғ маърифатпарвар боболари шеърларидан намуналар ўқиди.
Олимлар, шоир ва ёзувчилар Ҳалвойидаги 1250 йиллик чинор соясида маърифат, ижод ҳақида суҳбатлашди.
Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий ва унинг адабий меросига бағишланган илмий-амалий конференцияда адабиётшунос олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар Ажзий ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди. Аллома меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги тадқиқотлар ҳақида маълумот берилди.
– Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий улуғ маърифатпарвар боболаримиз қаторида халқимиз озодлиги, ёшларнинг илм-маърифат соҳиби бўлиб камолга етиши йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан кечган, бунинг учун жонини беришга ҳам тайёр жадид бўлган, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори Дилором Салоҳий. – Бунинг учун ўз даврида кўп тазйиқларга учраган, қийинчиликлар кўрган бўлишига қарамай йўлидан қайтмаган. Алломанинг бадиий ижоди, журналистик фаолияти ҳам жуда серқирра бўлиб, у яратган бадиий асарлар, ёзган мақолалари халқни уйғотишга, озодлик учун ҳаракат қилишга ундаган. Шукрки, бугун Ажзий меросини ўрганиш борасида ёш тадқиқотчилар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бобомизнинг бизга маълум бўлмаган асарлари, китоблари ҳақида маълумотлар чиқяпти. Мазкур конференция ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Анжуман қатнашчилари Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида ҳам фикрлашиб олдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари