Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халққа хизмат қилиш – давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири бўлади
12:23 / 2022-05-28

Давлат ташкилотларида иш самарадорлигини ошириш энг долзарб масалалардан бирига айланди.

Чунки тизимда самарали фаолият юритмайдиган, малакаси етарли бўлмаган кадрлар ҳам бор.  

Шунинг учун давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича сезиларли чоралар кўрилмоқда. 

Ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Мазкур қонун Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисида муҳокама марказида бўлди. 

Тараққиётимизнинг янги босқичида Президентимиз халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойилни илгари сурди.  

Сенат Раиси Т.Норбоева қонун бўйича фикр билдирар экан, бу тамойил барча даражадаги давлат органлари учун ҳақиқий синов бўлганини қайд этди. Бу янги авлод кадрларига бўлган талаб жуда ҳам катта эканини англатади.  

– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва халқимизни рози қилишни мақсад қилган эканмиз, демак, бундан кейин ҳам мазкур масала тобора долзарб бўлиб бораверади, – деди Танзила Норбоева. – Битта жиҳатга эътибор бериш керак, қонун тўлиқ ишлаб кетиши учун тартиб ва бошқа ҳужжатлар, албатта, ишлаб чиқилиши керак. Ҳамма нарсани қонунга киритишнинг иложи йўқ. Шунинг учун мана шу тартиб ва бошқа қонуности ҳужжатларининг ишлаб чиқилишида билдирилган фикрлар, умуман, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ҳам эътиборга олиш керак.   

Қонун давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.  

Шунингдек, ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонлар, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилашда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.  

Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.  

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. 

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Яъни давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.  

Шу билан бирга, қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда.  

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА