Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқнинг юкини кўтаришга елка бўлгач, куч ҳам керак: ҳоким ёрдамчилари ўз вазифасига қандай ёндашмоқда?
19:43 / 2022-03-02

ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ – ИСЛОҲОТ ДАВОМЧИСИ

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси жойлардаги раҳбар кадрлар ва маҳаллий масъулларнинг билим, тажрибасига боғлиқ.

Бугун ҳар бир маҳаллада олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида ўзининг меҳнат стажига эга бўлган, ҳудуднинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлган шахслар ҳоким ёрдамчилари вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Биз «Ҳоким ёрдамчиси – ислоҳот давомчиси» рукни остида республикамизнинг турли ҳудудларида жонбозлик кўрсатаётган ҳоким ёрдамчиларининг меҳнат фаолиятларини, уларнинг кун тартибини ёритиб боришга аҳд қилдик.

Маълумки, ҳудудларда ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. 

Хўш, бугун мазкур лавозим эгалари томонидан маҳаллаларда қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда?

Қишлоқларда аҳолини даромадга ўргатишда қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда?

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ: ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ ТОМОНИДАН ИШСИЗ ФУҚАРОГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Каттақўрғон шаҳри "Навбаҳор" МФЙ ҳоким ёрдамчисига шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Нилуфар Ниёзова оилада 3 киши ишсизлиги ва ўзининг моддий таъминотга эҳтиёжи борлиги хусусида мурожаат қилган.

Ҳоким ёрдамчиси томонидан фуқаронинг яшаш шароит ўрганиб чиқилганида, оила томорқасида парранда боқишга шароит борлиги, лекин маблағи йўқлиги маълум бўлди.

Фуқаро Н.Ниёзовага 29 миллион сўм миқдорида кредит олиб берилди. Бугунги кунда у ўз ҳовлисида парранда боқиш билан шуғулланиб, яна икки нафар фуқарони иш билан таъминлашга эришди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар «Лохутий» маҳалласида иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси Хайрулло Атамуродов томонидан аҳолининг ижтимоий аҳволини ўрганиш жараёнида «Лохутий» кўчасида яшовчи оилавий шароити оғир бўлган, даволанишга муҳтож ҳомиладор аёлга ва оиласига моддий ёрдам кўрсатилди. 

Ҳомиладор аёл туғруқхонага ётқизилди ва фарзандли бўлди. Айни вақтда она ва боланинг саломатлиги қониқарли. 

Вилоятнинг Ургут туманида жойлашган «Ўзбекистон» маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган ҳоким ёрдамчиси А. Восидов ташаббуси билан шу маҳаллада ишсиз бўлган 4 нафар хотин-қиз тумандаги "Ur jeans" корхонасига ишга жойлаштирилди.

БУХОРО ВИЛОЯТИ: “GʼIJDUVON АNORI ZARANGARI” БРЕНДИ ОСТИДА АНОРЧИЛИК КЛАСТЕРИ ЯРАТИЛАДИ

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган «Зарангари» МФЙ даги ҳоким ёрдамчиси Сардор Исроиловнинг таъкидлашича, тез кунларда “Gʼijduvon аnori Zarangari” бренди остида анорчилик кластери яратилади.

– Туркия Республикасининг “Haji Ismail oʼglu tatlichilik sanai LTD” компанияси пахлава, яъни қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, мебелсозлик ва қурилиш саноатида ўз ўрнига эга субъектлардан бири бўлиб, Озарбайжон, Ироқ ва бошқа давлатларда бизнес лойиҳаларини амалга ошириб келади, – дейди С.Исроилов. – Мамлакат ва ундан ташқарисида йигирмага яқин шўба корхонасига эга мазкур компания раҳбари Эрен Заки Налбанд ва унинг жамоаси Бухорода, хусусан, Ғиждувонда ўз бизнес лойиҳасини рўёбга чиқариш ниятида туман ҳокими Шерзод Ашуров билан музокаралар олиб борди ва ўзаро келишувга эришилди. 

Ички имкониятлар ўрганилгани ҳолда туркиялик инвесторлар кўмагида айнан "Зарангари" маҳалласида “Gijduvon аnori Zarangari” бренди остида анорчилик кластерини ташкил этишга қарор қилинди. 

Бу лойиҳа доирасида “Haji Ismail oʼglu tatlichilik sanai LTD” компаниясига «Барака» чўли массивидан 250 гектар ер майдони ажратиладиган бўлди. Хориж сармоядорлари бу ерда анорчилик агрокластерини барпо этиш учун 5 миллион АҚШ доллари тикишини билдирган.

Ҳоким ёрдамчиларининг олдида маҳалла муаммоларини эрта аниқлаш ва ечим топиш ва аҳолининг фаровон турмушига ўз ҳиссасини қўшиш каби масъулиятли вазифа турибди. 

Халқ олдида ҳисобдорлик , фидойилик йўқ жойда изланиш ҳам, тараққиёт ҳам, ривож ҳам бўлмайди. Зеро, таъкидланганидек, халқнинг юкини кўтаришга эса елка бўлса-ю, куч бўлмаса барчаси бекор.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА