Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун имзолангани тизимни янада мустаҳкамлашга, фаолиятни барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
Қонунга кўра, давлат хизматчиси касбга бўлган ижобий муносабати ҳамда алоҳида жонбозлик кўрсатиб ишлагани сабабли, хизмат поғоналари бўйича ўсиш, раҳбариятга шахсий фикрини билдириш, ўзи фаолият юритаётган давлат органи ёки ташкилоти фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифларни бериш каби ҳуқуқларга эга бўлиши белгилаб қўйилгани ишга бўлган муносабатнинг янада ижобий томонга ўзгаришига туртки беради.
Энг аҳамиятлиси, давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга бўлди, айни вақтда давлат хизматчиси бурчларини ҳам бажариши лозим.
Қонунни ўқиб туриб, “Сиёсатнома” асарининг давлат бошқарувидаги ўрни ва аҳамияти ёдимга келди. Асарда, жумладан, шундай дейилади: “Маликшоҳ Салжуқий ўз вазири – Низомулмулкни мартабасидан туширди. Вазир бошдан-оёқ яхши сифатларга ўралган эди. Унинг ўрнига зоти паст, ёмон бир кишини вазир қилиб тайинлади. Бу шумқадам вазирнинг қабиҳ ишлари, зулм-ситами ва нафси бузуқлиги касофатидан салтанат биноси бузила бошлади. Низомулмулкнинг ёмон қилмишлари кам бўлиб, хайрли ишлари кўпроқ эди. У Ҳажга бормоқчи бўлиб турган вақтида авлиёлардан бири унга дебди: “Маликшоҳ давлатининг хизматида бўлиб, амалга ошираётган хайрли ишларинг ва Тангри таолонинг бандаларига етказиб турган ёрдаминг Ҳаж қилиш билан баробардир”.
Асардан маълумки, Низомулмулк ҳам давлат хизматчиси сифатида қонунда кўрсатиб ўтилган барча сифатларга эга бўлгани учун ҳам, халқнинг эътирофига, олқишига, юксак ҳурматига сазовор инсон бўлган. Давлат хизматчилари нафақат расмий ишларда одоб-ахлоқ қоидаларига жуда катта эътибор қаратишлиги лозим қилиб белгиланди. Унга мувофиқ, давлат хизматидаги раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, унга бўйсунувчи ходимлардан хизмат вазифаси доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришни талаб қилмаслиги, шунингдек, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.
Хусусан, иш вақтидан ташқарида ҳам давлат хизматчиси одоб-ахлоқ нормаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этмаслиги, тегишли хизматларни қабул қилишда ўзининг мансаб мавқеидан фойдаланмаслиги белгилаб қўйилгани кўпдан бери эътирозларга сабаб бўлиб келаётган масалалардан бири эди. Зеро, “давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олиши шарт” дея қатъий талаб қўйилган қонунда.
Бир сўз билан айтганда, давлат хизматчиси фаолиятда ҳам, одоб-ахлоқда ҳам, оилавий тутумда ҳам фуқароларга намуна, ўрнак бўлишлиги – тўғридан-тўғри вазифа бўлиши лозим, бу олтин қоидаларнинг эса қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги янада масъулиятни ошириб, мунтазам ижрони таъминлаб беради.
Аҳаджон Мирзаев,
Наманган вилояти ҳокимлигининг диний ва
жамоат ташкилотлари билан алоқалар котибияти мудири.
ЎзА