Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқни қалбан, руҳан уйғотмас эканмиз, мақсадларни амалга ошира олмаймиз
18:33 / 2021-12-29

Инсон жисман уйғоқ бўлиши мумкин, лекин у маънан, руҳан, қалбан уйғоқ бўлмаса, мақсадларининг тўла рўёби бўлмас. Машриқзамину мағрибзамин мутафаккирлари ҳам ғофилликка қарши турган. Ғафлат бандаси - эл юрт шармандаси эканини эътироф этишган. Ғофиллик, ғафлатда бўлиш, кўплаб миллат танламас иллатларнинг урчишига сабаб бўлади. Ғофиллик, бепарволик, лоқайдлик, ўзи, оиласи, маҳалласи, юрти учун куюнмаслик ватан тақдирига бефарқлик ҳиссини туғдиради.

Лоқайдлик эса, маълумки, барча иллатларнинг ибтидоси. Жамиятни уйғотиш кераклиги ҳам бежиз эмас. Ҳаракатда бўлган ўз юрти, ўзгалар тақдирини, мамлакат тараққиётини ўйлаган инсон бу жараёнга, асло бефарқ қарамайди.

Ғофиллик ва жоҳиллик аслида эгизак тушунча, бир-бири билан боғланиб кетади. Инсоннинг ақли, фикри, унинг тафаккур тарзини ҳам чулғайди ва булғайди ҳам. Жамиятни уйғотиш маънавиятнинг маёғи ва маърифатнинг байроғи билан ҳал этилиши аниқ, худди шу маънода давлат раҳбарининг яқиндагина Олмалиқ шаҳрида ҳудуд фаоллари билан учрашув вақтида инсон ҳамиша ҳаракат қилиши, жамиятни уйғотиши лозимлиги ҳақидаги даъватига, сизу бизга қарата айтилган хитобига бир эътибор берайлик.

«Бутун жамиятни уйғотиш керак, бу, албатта, осон иш эмас, лекин бошқа йўлимиз йўқ. Кўпчилик «бўлаверади» деб ўтираверади. Бўлмайди! Вақт шиддат билан ўтиб кетяпти. Биз нафақат ўзимиз учун, фарзандларимиз учун, ватанимиз учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаракат қилган одам камбағал бўлмайди. Сўнгра Аллоҳ таоло зикрини ҳам келтирдилар: «Сендан ҳаракат, мендан баракат». Демак, ҳаракатнинг моҳияти, мақсаднинг аниқ қўйилгани ва стратегик ниятларни тўғри ва тўла амалга ошириш эҳтиёжи билан боғлиқ. Истак эҳтиёждан туғилса, мақсад интилишни талаб этади. Шунинг учун ҳам янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президент эътироф этмоқчи бўлган жамиятни уйғотиш муҳимлиги табиийки, билим, маънавият ва унинг рўёбини таъминловчи нотиқлик, риторик маҳорат билан боғлиқдир. Чунки ғоя, мафкура омма онгига чуқурроқ сингдирилгандагина у қудратли куч касб этади.

Эътибор қилган бўлсак, нотиқлик маданияти жамиятимизнинг барча жабҳаларининг қамраб олиши билан биргаликда таълим тизимини сифат ва самарасини ҳам ифода этади. Таълимнинг кучи ва моҳияти таълим берувчининг маҳоратига боғлиқ. Тарбия кўрган тарбиялай оладиганидек, таълим олгангина таълим бера олади. Педагогик маҳорат бўлмаса, таълимда натижа ҳам, сифат ва самара ҳам бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам уйғониш фалсафаси уйғотиш яроғи, маърифат маёғи, ақлнинг қайроғи, тафаккур чироғи, нутқнинг байроғи билан боғлиқ.

Оддийгина мисол, айрим раҳбарларнинг, ҳокимларнинг аксариятини ўзини микрофон ва видеокамерадан олиб қочиши мустақил фикрини эмин-эркин тарзда етказа олмаслик хижолатидан иборат, истиҳола қилади, гапиришни эплай олмайдигандек сезишади ўзларини. Фикри, билими, иш тажрибаси яхши бўлса ҳам, компетентлик даражаси, яъни ўз фикрини, мақсадини, ғоясини айтиб бериш иқтидорига унчалик эга эмас. Шунинг учун ҳам мулоқот этикети, муомала маданияти бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди, турли низо ва нифоқлар чиқиб келиши табиий. Бундан эса тушунмовчилик, фисқу фасод, муносабатларнинг чигаллиги, аудиторияда ёқимсиз муҳит ижтимоий иқлимнинг бузилиши ҳам бўй кўрсатади.

Фикримизнинг исботи сифатида кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш фойдадан холи эмас. Шу йилнинг 21 - декабрь санасида «Ёшлар форуми»да сўзга чиққанларида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кўпгина раҳбар ва ҳокимларга хос бир камчиликни ярим ҳазил, ярим чин қилиб рўйи рост айтдилар. “Мен завод ва фабрикалар қурибману, лекин нотиқлик ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмабман". Ҳақ гап. Биз эндиликда раҳбар кадрларни мулоқот этикети ва нотиқлик санъати бўйича ўқитишимиз мақсадга мувофиқ.

Маълумки, ҳар қандай ғоя, мафкура омма онгига чуқур ва таъсирчан, содда ва равон тарзда сингдирилса, у қудратли куч касб этади. Унинг ижроси ҳам ўз - ўзидан ижобий хосият касб этади. Халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган таҳликали айни дамларда нотиқлик санъати, воизлик маданиятининг ўрни ниҳоятда муҳим. Таъсирчанлик таъминланган жойда аниқлик ва тўғрилик бўлади. Агар бемор учун берилаётган дорининг таъсир кучи юқори бўлмаса, бу унинг ичини оддий кимёвий унсур билан тўлдиришдан бошқа нарса эмас. Сўз ҳам таъсирчанлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шунинг учун ҳам машҳур нотиқларнинг бир ибораси бор: «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир». Шундан бир нарса аён бўляптики, ғоя ва мафкурани омма онгига сингдириш механизми тарғиботчининг, нотиқнинг коммуникатив компетентлик даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Худди шу маънода тарғиботчи ўзи ёқимли, сўзи юқумли бўлиши билан бирга, у ғояни мақсадни етказишигина эмас, балки ўтказа олиши керак. Таъбир жоиз бўлса, сўзи билан ёндира олиши, фикри билан қондира олиши, қаноатлантириши керак. Шундагина халқ қалби ҳаракатга келади. Шу ўринда қалб ва юрак сўзларини фарқлаш ўринли. Мабодо, инсоннинг зоҳирий қалби (юраги) хасталикка чалинса, уни тиббий йўл билан даволаш мумкин. Лекин, ботиний қалб хасталикка чалинса, уни фақат руҳий ва маънавий йўллар билан даволаш мумкин. Бу эса диний ва дунёвий маърифатни чуқур билиш орқалигина юзага чиқади. Демак, шу ўринда ҳазрат Навоийнинг «одамнинг табъи сўз билан, таомнинг таъми туз билан, сувнинг таъми муз билан» деган ҳикмати беихтиёр ёдга келади. Оддий, бетаъсир айтилган сўз у қулоқдан кириб бу қулоқдан чиқиб кетиши мумкин. Қалбдан айтилган сўзгина юракларга етиб бориши ҳақидаги ҳақиқатни кўп бор эшитганмиз.

Давлат раҳбари доимо ҳаракатда бўлиш зарурлигини, вақт тўхтаб турмаслигини, халқимиз эртага эмас, балки бугун бахтли бўлиш кераклигини ва у ислоҳотлардан рози бўлишлигини, қайта-қайта уқтириб туришлари замирида ҳам ана шу ҳақиқат бор. Ишонч ҳосил қилингандагина инсон ҳаракатланади, интилади. Нотиқлик эса худди шундай ишонтириш санъатидир. Талпинтирувчи куч эса бу ғоя, бу мафкура, бу стратегия. Уни амалга оширилишини таъминлайдиган восита билим ва мантиққа асосланган восита - нотиқлик санъати, риторик маҳорат, герменевтик қобилиятдир.

Интилганга толе ёр бўлишини билган инсон, эзгу мақсадлар сари ҳеч қачон ортга тисарилмайди. Давлат раҳбари барча вазирлик, қўмита, раҳбарларию, Олий мажлис депутатлари, сенат аъзоларига қарата кабинет қўриқчиси бўлиб ўтирманг, халқ ичига киринг, уларнинг дарду ташвишлари билан яшанг, деган мазмундаги хитоблари бежиз эмас. Халқ ичига кириш, муаммоларни ҳал этиш одамларни эзгу мақсадлар сари талпинтиришда шубҳасизки, халқ билан мулоқотларида нутқ маданияти ва риторик маҳорат жуда муҳим. Бу эса ўз - ўзидан тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми нотиқлик маҳорати, тил тактикаси билан боғлиқлигини билдиради. Кези келганда, шуни ҳам эътироф этиш керакки, фақат билимнинг ўзи, ахборот компьютер технологияларини обдон ўрганиш, ҳатто бир нечта хорижий тилларни билиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг адади ҳам ҳаракатимиз самараси ва мақсад ҳосилини билдиравермайди. Чунки олинган билим, ўзлаштирилган малака, ҳосил қилинган кўникмани сингдириш механизми, тил тактикаси, нотиқлик санъати жуда муҳим. Оддий ўқувчи ёки ўқитувчидан, лидер ёки фермердан тортиб вазирларгача бу масалага жиддий қараши, депутат ва сенат аъзоларининг ўз устида ишлаши сўз устида ишлаш билан боғлиқлигини ҳис этиши зарур.

Тасаввур қилинг, жамоа учун ош қилиб бериш ниятида бир кишини ёллаб, бозорга бориб асл деҳқондан масаллиқларни келтир, - деб жўнатсак, у ошга тааллуқли масаллиқларни келтирса ош хом-хатала бўлса, ким айбдор масаллиқларни етиштирганми, асл деҳқонми, сотганми ёки бориб келтирганми? Албатта, ошпаз айбдор. Шундай экан, ўқув қўлланмаларию дарсликлар, даража билдирувчи ҳужжатларнинг бари булар шунчаки «масаллиқ». Гап ана шундан усталик билан фойдалана оладиган уқувли, лаёқатли кадрларни тайёрлаш асносида натижадорликка эришишдан иборат.

Бир неча йилдирки, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида 4 ойлик курс тингловчилари билан касбий фаолиятда нутқ маданияти ва нотиқлик санъатидан назарий ва амалий дарс машғулотлари олиб бораман. Улар орасида зукко ўз ғоясини мустақил тарзда етказа олиш компетентлигига эга бўлганлари талайгина. Лекин очиғини айтиш керакки, улар учун ажратилган 10 соатлик ўқув дастури камлигини таъкидлаш ўринли.

Қачон биз халқни қалбан, руҳан уйғотмас эканмиз, мақсадларни тўла амалга ошира олмаймиз. Шунинг учун ҳам жамиятнинг барча жабҳаларида нотиқликнинг барча турларини ўқитиш, назарий ва амалий томонларини ўргатилиши мақсадга мувофиқ. Яқинда «Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасаси ва «Спикер» нотиқлик-онлайн мактаби хайрли ишни амалга оширди.

Маълумки, 2019 йилнинг 27 декабрь куни Президентимиз пойтахтдаги Ал-Хоразмий номли ихтисослашган мактабга ташриф буюриб, ёшлар билан мулоқотларида уларга мустақил фикр юрита олиш ва нутқ маданияти ҳамда нотиқлик санъатини ўстириш борасида маслаҳат берган эдилар. Ана шу муносабат билан куни кеча худди ўша таълим масканида спикерлар форуми ўтказилди. Унда нотиқлик санъатининг бир нечта турлари бўйича жонли чиқиш қилган мутахассислар ушбу санъатни оммалаштириш, тарғиботнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш зарурати тўғрисида мулоҳазалар билдириб ўтишди. Чунки мулоқот этикети ва нутқ маданияти масаласи кун сайин оқсаб бораётгани сир эмаслиги қайд этилди. Сиёсий - ҳуқуқий нотиқлик бўйича профессор Бобоқул Тошев, Диний нутқ бўйича Раҳимберди домла Раҳмонов, Журналист нутқи бўйича Карим Баҳриев, Саҳна нутқи бўйича Нажот Нурлар иштирок этишди. Жумладан, каминанинг ҳарбий ва ижтимоий-маиший нутқ юзасидан «Тил тактикаси - тараққиёт стратегиясининг таъсирчан, инновацион механизми», Ёш, умидли спикерлардан Икром Худейбергеновнинг «Ёшлар нутқи» мавзуларидаги маърузалари ёшларни ушбу санъат турлари билан қизиқишларида муҳим омил бўлди. Айниқса, даврада сўзнинг ҳиссий кучи, созу овознинг таъсирчанлигини ифода этадиган дил тароналари билан истеъдодли санъаткор Шуҳрат Дарёнинг чиқиши ҳам кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

Ҳар бир киши ўзининг ички ва ташқи кўриниши учун қанчалик қайғурса, бош миянинг ишлашига эътибор қилиши керак. Худди бадан тарбияси каби мия мушаклари ҳам шундай эътиборга муҳтож бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, мия қобиғимизда 86 миллиард нейрон тўқимаси бор экан, ҳар бир ҳужайра бошқа ҳужайраларга ҳар сонияда минглаб сигналларни юбориб турар экан. Бундай тезликни ҳатто, тасаввур қилиш ҳам қийин. Профессор М. Қуронов бундай сигналларни организмнинг огоҳлик сигналлари деб эътироф этади. Бу сигналларнинг камайиб бориши аста - секин огоҳ одамни ғофилга, соғлом одамни касалга айлантиради. Сигналларнинг тўхташи организмга бориб жисмни жасадга айлантиради. Демак, ҳар қандай тирик жонзотнинг жисмоний ўлими ундаги огоҳлик тизимини ҳалокатидан, ғафлатдан бошланиши тайин. Бундан шу нарса равшанки, огоҳлик сергакликка чорлайди, у эса ҳушёрликка чоғлайди. Шундагина ҳар бир фуқаро ўз бурчини англайди, ватан қисматига дахлдорлик туйғуси билан яшайди. Бу эса мамлакат тақдири учун уйғониш масъулияти ва уйғота олиш мажбуриятини ҳис этишни тақозо этади.

Уйғоқ жамиятнинг қалби ҳам виждони ҳам уйғоқ бўлади, у ўз олдига қўйган пировард мақсадларни амалга оширишга қобил, камарбаста ва жони пайваста бўлади. Бу эса давр талаби, Президент матлабидир.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети Матбуот котиби