Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқни бирлаштирувчи буюк қудрат
16:13 / 2020-12-10

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли халқ шоири Абдулла Орипов “Унутилмас Мутал акамиз” мақоласида халқимизнинг бу муаззам қўшиғи ҳақида шундай ёзган эди: “Мадҳия – тирик ҳаёт, жонли турмуш.

     У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир”.

    Дарҳақиқат, мадҳия – фахр, ғуруримиз, ифтихоримиз саналади. У миллатни бирлаштирувчи, кўнглида Ватанга бўлган ҳис-туйғуларни жўш урдирувчи руҳий қувват манбаи экани ҳаммамизга маълум. Бугун Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 28 йил тўлди.

      Ўша кунни ёши улуғ ота-боболаримиз юрагида ҳаяжон билан эслайди. Бу эрксизлик, ҳуқуқсизлик, камситиш ва таҳқирлашлар ичра яшаб келган халқнинг 130 йил орзиқиб кутган ҳаяжони эканини бугун эслаш ўринлидир.

Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги олий даражадаги учрашувларида, юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий йўналишдаги нуфузли анжуманлар, спорт мусобақаларида баралла янграмоқда. Шу аснода, спортчиларимизнинг кўзида севинч ёши билан жўр бўлиб куйлаётгани миллий ғуруримизни оширади.

Унинг ҳар бир сатри ўзгача маъно ва мазмунни очиб бермоқда. “Серқуёш ҳур ўлкам” дея юртимизга берилаётган гўзал ўхшатиш юрагимизни тўлқинллантиради.    Ҳар бир тадбиримиз бошланишида талабалар билан биргаликда жўр бўлиб айтганимизда, шундай гўзал диёрнинг фарзанди эканмиздан янада фахрлантиради.

Шукрки, ҳар кунни тинч ва осойишта маконимизда, мўътабар, эрксевар халқимизнинг мангу озодлик ва ободлик қасидаси, тинчлик қўшиғи аталмиш мадҳия куйи билан қарши олаётганимиз бир мўъжиза. Қалб ва тилимизда шукроналик сўзлари ила, келажакка қатъий ишонч билан ишга отланиб, Ватан учун хизмат қилмоқлик бу – бахт. Бу бахтни қадрлаш, эҳтиёт қилиш, асраб-авайлаш ҳам шарт, ҳам бурчдир. Шу сабабли бугун пандемия ҳукм сураётганига қарамай, юртимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг мазмун-моҳиятини тараннум этишга оид байрамона тадбирлар ўтказилмоқда.  

    Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди.

Мадҳиядаги “Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон” мисралари юртимиз 130 дан ортиқ миллат ва элатни бир ғоя остида бирлаштирганидан далолат беради.  Бу муаззам садолар азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги эзгулик ва бунёдкорлик ишларига даъват этишга чорлайверади.

Бугун кўплаб мамлакатларда давлат мадҳияси айнан мактабдан бошлаб ўргатилади ва куйланади. Масалан, Хитой Халқ Республикасида ҳар душанба куни соат 8:00 да ўқувчилар стадионга давлат байроғини тантанали кўтариш маросимига саф тортиб, миллий мадҳияни куйлашади. Юртимиздаги таълим муассасаларида ҳам дарсни бошлашдан аввал мадҳиямизнинг ўқувчи, талаба-ёшлар томонидан куйланиши жорий этилди. Бугун ҳар куни ҳар бир таълим масканида Ватанимиз мадҳияси баралла янграяпти. Бу халқнинг мангу қўшиғи фарзандларимизда она Ватанимиздан ғурурланиш, уни севиш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, бундан-да юксак чўққиларни забт этишга ундайверади. Мадҳия янграганда, одам ҳар қандай ҳолатда сўздан, ҳаракатдан тўхтайди. Шу тарзда унга ҳурмат бажо келтирилади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни муаллифи  Абдулла Орипов “Тафаккур” журналида берилган суҳбатларидан бирида давлат мадҳияси ҳақида шундай дейди: “…мадҳиянинг жанр сифатида ўз қонун-қоидалари бор. У жумладан, лирик қўшиқлардан фарқ қилади. Унинг юксак сурурига йиллар мобайнида турли тоифадаги, турли савиядаги фуқаролар якдил ватандошлар сифатида кўника борадилар.  Мадҳияларнинг тарихи асли шундоқ. Зеро, давлат мадҳиямизнинг оҳанги мусиқа асари сифатида жаҳон давлатлари мадҳиялари орасида энг ноёбларидан бири ҳисобланади”.

   Ҳа, шоиримиз айтганидек, қўлимиз кўксимизда экан,  Ватан, юрт учун хизмат қилиш зарур. Бунинг учун эса ёшларда Ватан туйғусини юксалтиришимиз керак.

Болаларга шундай ўргатингки, мадҳияни куйлаганда Ўзбекистон тарихини кўз олдига келтирсин. Мана шу юрт менинг Ватаним деган туйғулар юрак-юрагига жойлашсин. Ҳар бир оилада мадҳия она алласи каби янграши керак. Озодлик кунларига етиша олмаган аждодларимиз руҳи учун ҳам бу кунни байрам қилиш бурчимиз, мажбуриятимиз деб билмоғимиз шартдир.

Чиндан ҳам, мадҳия  халқни бирлаштира олувчи буюк қудратдир. У ҳар бир ватандошнинг қалбини забт этиб, юрагидан куйлашга даъват этаверсин.

Мунира ҚАҲҲОРОВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.