Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисидаги қонуни қабул қилинганига 32 йил бўлди.
Сана муносабати билан Гулистон давлат университетида "Юракни мадҳ этган садо" шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Гулистон давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Ф. Ниёзов, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи М. Ҳайитов, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи Н. Қосимова, Гулистон давлат университети профессори Р. Маҳмудовлар Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг давлатчиликдаги ўрни, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповлар томонидан мадҳиямизнинг яратилиши билан боғлиқ тарихий воқеалар тўғрисида гапирди.
[gallery-20796]
–Мадҳия – миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир,– деди Норинисо Қосимова. – У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.
Маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сирдарё вилоят бўлимининг зобит ва аскарлари ва университет талаба-ёшлари иштирок этди.
Университет санъатшунослик факультетининг иқтидорли талабалари томонидан Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири