Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқни бир мақсад – яхши яшаш сари бирлаштирган “ташаббусли бюджет”
14:35 / 2023-04-12

Янги қарор

Фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, йўллар қуриш, мактабларни таъмирлаш маҳаллий бюджет маблағларини керакли, муҳим лойиҳаларга сарфланиши учун “Ташаббусли бюджет”да фаол қатнашди.

Ҳатто турли лойиҳаларга овоз йиғиш жараёни баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди. Аммо бунинг яхши томони – аҳоли ўз ҳудуди, яшаб турган жойи ободлиги учун масъулиятни ҳис қилди, яхши яшаш йўлида фаол фуқаролик позициясини ишга солди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни «Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ушбу қарор билан тизимга оид бир қатор вазифа ҳамда қоидалар белгиланди. Ҳужжат асосида 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 309 та лойиҳа учун ҳам қўшимча равишда 1,3 триллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Белгиландики, қўшимча ажратилаётган маблағ 2023 йилда “Обод қишлоқ”, ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида режалаштирилган маблағлар ҳисобидан йўналтирилади. Биринчи мавсумда ғолиб деб топилган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига маблағларнинг Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига ўтказилишини таъминлаш ҳамда мазкур жамғармалар маблағларидан мақсадли фойдаланиш вазифаси юкланди.

Бу муҳим жараён. Халқ ишонч билдириб, лойиҳаларга овоз йиғиш жараёнида иштирок этган экан, уларнинг мақсади, орзу-истаклари ва хатти-ҳаракатлари бесамар кетмаслиги учун масъул идоралар вакиллари бу жараёнларни назорат қилиши керак. Шундагина аҳолининг давлатга бўлган ишончи янада мустаҳкамланади.

Объектларнинг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади, ҳар бир лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичлари назорат қилиб борилади. Лойиҳаларнинг ижроси натижаларига кўра ташаббускор фуқаролар иштирокида уларни қабул қилиб олиш ташкил этилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, туман, шаҳар ҳокимликлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш, ижросини мониторинг қилиш бўйича ишчи комиссиялар 2023 йил биринчи мавсумда ғолиб бўлган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини қатъий назорат қилади.

Бунда вазифалар ижроси учун аниқ муддатлар ҳам белгиланди.

Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар “Очиқ бюджет” ахборот порталига келиб тушган ва ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган лойиҳалар таҳлиллари асосида жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларда кўзда тутилган товар ва хизматларни харид қилиш харажатларини 2024 йил учун бюджет сўровига киритиши мумкин. Шунда бу маблағлар ажратилишига эришилади. Овоз тўплай олмаган лойиҳалар ҳам эътибордан четда қолмайди.

Қарорда белгиланган муҳим жиҳат, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланди. Бунда мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида қаралади. Бу масала юртимизда жуда жиддий эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири. Ҳеч бир ташкилот, корхона, муассасалар ўз ишчи-ходимларидан қайсидир жамоат ишларини қилишни талаб қила олмайди. Бу қонунларимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйиляпти.

Президент қарорида ғолиб бўлмаган 1309 та лойиҳани амалга ошириш учун ажратилаётган маблағлар миқдори ҳам белгиланди. Ҳужжат иловасида қайси ҳудудлардаги нечта лойиҳа учун қанча миқдорда маблағ ажратилаётгани ҳақида маълумот келтирилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 29, Бухоро вилоятида 50, Андижон вилоятида 111, Жиззах вилоятида 82, Қашқадарё вилоятида 128, Навоий вилоятида 57, Наманган вилоятида 182, Самарқанд вилоятида 135, Сирдарё вилоятида 13, Сурхондарё вилоятида 110, Тошкент вилоятида 84, Тошкент шаҳрида 44, Фарғона вилоятида 201, Хоразм вилоятида 83 та лойиҳа белгиланган. Лойиҳалар сонига қараб мос равишда маблағлар ажратилади.

Бунда кўринадики, Наманган вилоятида лойиҳалар кўпроқ бўлгани учун маблағлар кўпроқ, Сирдарё вилоятида энг кам бўлгани учун шунга мос равишда пул ажратилади.

Эътибор қаратиш керак бўлган томони – 2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” икки йил ичида йирик лойиҳага айланиб улгурди. Мазкур жараёнларда одамларнинг фаоллиги ошди, ўз солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок эта бошлашди.

2021 йилда овоз бериш жараёнида 1 миллион 200 минг аҳоли иштирок этган бўлса, бу йил биринчи мавсумнинг ўзида уларнинг сони 16 миллиондан ошди. Шунингдек, илк маротаба “Ташаббусли бюджет” дастурида республиканинг барча маҳаллалари ўз лойиҳаси билан иштирок этди. Бунда одамлар ўз манфаати эмас, халқ манфаати учун бир тану бир жон бўлиб рақобатлашди. Инсонлардаги бирдамлик, жипслик эртанги кунга бўлган ишончни оширади.

Латофат БЎРИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий

тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими.

ЎзА.