Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини боғловчи «сомон йўли»...
10:21 / 2022-09-11

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йиллар мобайнида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларида 50 га яқин муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Натижада ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, минтақа мамлакатлари учун ҳаётий тамойилларни кенг жорий этиш пойдевори яратилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Душанбеда ШҲТ раислигини Ўзбекистон қабул қилиб олишга бағишланган йиғилишда ташкилот раислиги учун устувор этиб белгиланган бир қатор вазифаларни санаб ўтганди. Шу асосда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ 80 дан ортиқ турли даражадаги тадбирлар дастури тасдиқланганди.

Жорий йил давомида юртимизда бир қатор спорт тадбирлари ўтказилдики, бу, ижтимоий-сиёсий жабҳадаги мавжуд ҳолатга янги нафас олиб кирди.

Енгил атлетиканинг бир қатор йўналишларида, велоспорт турлари бўйича ШҲТ марафони, велосайр каби мусобақалар натижасида аҳолининг барча қатламлари саломатлик «фасли» билан қамраб олинган бўлса, айни кунларда пойтахтимизда ўтаётган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт элчилари» тадбирлари унинг қамровини бунданда оширди.

Ҳақиқатан, яна беш кундан сўнг бошланадиган Самарқанддаги саммит олдидан илк бор йўлга қўйилган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт элчилари» лойиҳаси кенг қамровлилиги билан алоҳида ажралиб турди.

Мазкур ҳаракат асносида қилинган ишлар Тошкент тимсолида халқаро майдонда спорт сиёсатининг устуворлигини яна бир карра намоён этди.

Бу, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммит олдидан минтақанинг спорт соҳаси мутахассислари, спортчилари, жамоалари ўртасидаги дўстлик алоқалари истиқболли мақсаду-режалар билан янада ривожланишига мустаҳкам замин яратди.

Бундан тўрт ой муқаддам, май ойида Тошкентда илк бор ташкил этилган ШҲТга аъзо мамлакатларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутасаддилари учрашувида минтақада спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш муҳимлиги, бу, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини боғловчи «сомон йўли»дек восита бўлиши эътироф этилганди.

Мазкур алоқаларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкентда ўтказилаётган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт элчилари» лойиҳаси ҳам ўзининг ижобий самарасини берди.

Ушбу тадбир аввалида муаззам пойтахтимизнинг “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари, минтақанинг таниқли спортчилари билан ўтган матбуот анжуманида мамлакатларимиз бир-бирига кенг қамровли ва турфа тамойиллар асосида боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Тошкентдаги «Миллий боғ» ҳудудида ўзбек ва жаҳон спорти юлдузлари иштирокидаги маҳорат сабоқлари ҳамда флешмоб эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг таниқли спортчилари, ШҲТнинг мақсад-муддаоси халқларимизнинг орзу-ниятлари билан ҳамоҳанглигини кўрсатди.

Жаҳон спорт майдонида ўз сўзига эга эркин кураш бўйича Рио ва Токио Олимпиадаси ғолиби, беш карра жаҳон чемпиони, россиялик Абдурашид Саъдуллаев, юнон-рум курашида «Токио-2020» чемпиони, россиялик Муса Евлоев, бокс бўйича Токио Олимпиадаси совриндори, икки карра жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби, қозоғистонлик Камшибек Конкабаев, бокс бўйича олимпия ўйинлари совриндори, қозоғистонлик Сакен Бибосинов, оғир атлетика бўйича «Бирмингем-2022» ҳамдўстлик ўйинлари ғолиби, покистонлик Муҳаммад Нуҳ, бокс бўйича қитъа чемпионатининг икки бор совриндори, тожикистонлик Шоира Зулқайнарова, самбо бўйича жаҳон чемпиони, тожикистонлик Хушқадам Хусравов, ўқ отиш бўйича халқаро турнирлар ғолиби, қирғизистонлик Рамазон Қодирбеков, шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина, Руслан Нуруддинов, Акбар Жўраев, Улуғбек Рашидов, Исроил Мадримов каби юзлаб ўзбек спорт юлдузлари иштирокидаги маҳорат сабоқлари, спорт турларининг чиройли усуллари намойиши, ёш спортчиларнинг чиқишлари кўпга манзур бўлди.

Айниқса, боғга фарзанду дилбандлари, оиласи, яқин дўстлари билан сайрга келган аҳоли вакиллари учун бундай ўзига хос байрамдаги учрашувлар, очиқ мулоқотлар шукуҳли кечди. Улар Баҳодиру Муроджон, Оксанаю Руслан, Акбару Улуғбек билан, хорижий давлатларнинг номдор спортчилари билан суратга тушишди. Дилдан мулоқот қилишди.
 

– Мен Тошкент вилоятида туғилганман. Ўзбекистон жуда қадрли юрт. Тошкентга ҳар доим келганимда, ўнча-мунча одам мени танимасди, таниса ҳам бу қадар кўп мулоқот қилмасдим. Ташкилотчиларга раҳмат. Биз спортчиларни аҳоли, ёшлар билан янада яқинлаштирди, – дейди қозоғистонлик таниқли боксчи Сакен Бобосинов.

Флешмоб доирасидаги оммавий маросимда «Ўзбекистонга хуш келибсиз» номли махсус ролик намойиш этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, мамлакатимиздаги хорижий давлатларнинг элчихоналари мутасаддилари, спорт федерацияларнинг мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, унинг аҳамияти, мамлакатлар ўртасида спорт алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Шу ўринда бир таклиф. ШҲТ саммити олдидан илк бор ўтган бундай миқёсдаги учрашув-мулоқотлар халқимиз, ёшлар учун жуда муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги жараёнларда яққол кўринди.

Мамлакатимизнинг турли шаҳарларида кейинги йилларда ўнлаб боғлар, сайлгоҳлар бунёд этилди. Кенг имкониятлар яратилди. Мана шундай флешмоб, чемпионлар билан учрашув ва кўргазмали спорт чиқишларини ҳар ойда ёки ҳар чоракда алоҳида спорт турлари бўйича тизимли ўтказиш йўлга қўйилса, ёшларни спортга жалб этиб, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига ижобий таъсири бўларди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА