Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратиб, юртимизда 30 июлни “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.
Жорий йилнинг 29 июль куни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини мукофотланганларга тантанали топшириш маросими карантин қоидаларига қатъи риоя этган ҳолда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2021 йил 1 июндаги тегишли қарорига асосан кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, чет элдаги ватандошлар тақдирланиши кўзда тутилган.
Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Қолаверса, республикамизда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бугунги кунда 12 тилда телекўрсатув, 13 тилда радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.
Президентимиз таклифи билан бу йил мамлакатимизда биринчи марта ўтказиладиган “Халқлар дўстлиги куни” диёримизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Дунёдаги кўзга кўринган атоқли олимлар ва давлат арбоблари кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятларни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон тўплаган ўзига хос тажриба дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат бўла олишини яққол таъкидламоқда.
Ҳақиқатан ҳам, кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик бизнинг миллий бойлигимиз экани тадбирда алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда қўмита раиси ўринбосари Валерий Тян бугунги таҳликали даврда мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик ғояларини тараннум этиш, ривожлантириш нақадар муҳим масала эканлигини қайд этди.
Байрам тадбирида юртимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун медиа тузилмаларнинг вакиллари, дўстлик жамиятлари фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларидан бир гуруҳига мукофотлар топширилди.
– Бугунги мураккаб даврда бизнинг куч-қудратимиз дўстлик ва аҳилликда экани яна бир карра яққол сезилмоқда, – деди Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ўзбеклар этномаданий жамоат бирлашмалари раиси Икром Ҳошимжонов. – Дўстлик, ҳамжиҳатликдек бебаҳо неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бизнинг бурчимиздир. Айни пайтда Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни асраш борасидаги эзгу ишлар алоҳида эътирофга лойиқдир.
Назокат Усмонова, ЎзА