Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир, адиб, драматург, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, "Дўстлик" ордени соҳиби Эркин Самандар таваллудининг 90 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ҳамда “Танланган асарлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди.
–Хоразм ижодкорларининг томирида Жалолиддин Мангуберди, Огаҳий каби буюк аждодларимизнинг қони оқади, – деди Сирожиддин Саййид. – Бу эса қалам аҳлига жўшқин, юксак ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган ижод намуналарини яратишда муҳим туртки беради.
–Эркин Самандарнинг ижодига бағишланган бундай анжуманларнинг ўтказилиши мамлакатимизда миллий адабиётга қаратилаётган эътиборни яққол кўрсатади, – деди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Эркин ака бағрикенг Амунинг бағрикенг фарзанди эди. Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳам Эркин Самандар учун севимли маскан эди. Эркин ака қалбан гўзалликка, ҳаётга ошно, тирикликни куйлаб келган ижодкор эди.
[gallery-26779]
Адабий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов ва бошқалар Эркин Самандар ижоди хусусида батафсил тўхталди.
Унинг мард, танти, бағрикенг, миллатпарвар инсон сифатидаги фазилатлари кўпчилик ижодкорлар учун ибрат эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Эркин Самандар ўзбек адабиётининг таниқли намояндаси, шоир, ёзувчи, драматург, публицист, давлат ва жамоат арбоби эди.
Адибнинг “Аму жилолари”, “Дунёнинг ёшлиги”, “Осмон тўла нур”, “Вафо деган гавҳар”, “Менинг йигит вақтим”, “Соҳилдаги болалар”, “Яблоня во дворе” (Москва), “Баҳор оқшомлари”, “Шедрость рассвета” (Москва), “Сайланма”, “Севги фасллари”, “Бу боғни қайси боғ, дерлар”, “Севги китоби”, “Ва яна баҳор”, “Кўнгил ёшлиги”, “Назм нафаси”, “Мен шу эл фарзандиман” каби 20 га яқин шеърий тўпламлари нашр этилган. Унинг ўндан ортиқ достонлари, 7 та тарихий романи, 30дан ортиқ эссе ва ҳикоялари ўзбек насрининг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган. Адибнинг “Жавоҳир”, “Олма пишганда галинг”, “Аждодлар қиличи”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Ётҳужра”, “Башорат”, “Арабмуҳаммадхон”, “Дилда борим” каби тарихий ҳамда мусиқали драмалари ўзбек драматургиясининг ўлмас саҳна асарларига айланди.
Адиб 10 та ҳужжатли-публицистик фильмлар сценарийлари, 200 дан ортиқ қўшиқлар муаллифи. Миллий адабиётимиз, ўзбек журналистикаcини ривожлантиришдаги хизматлари учун Ватанимизнинг олий мукофотлари - “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони (1990), “Дўстлик” (2017) ордени билан тақдирланган.
Тадбирда сўзга чиққанлар шоирнинг ижодий фаолияти, "Танланган асарлар" китобининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Йиғилганлар, шогирдлар Эркин Самандар билан боғлиқ илиқ хотираларини ўртоқлашди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА