Таниқли санъаткор Гулчеҳра Иброҳимбековани Уйғун домланинг “Парвона” асари асосида саҳналаштирилган спектакль орқали халқимиз севиб қолган. Зеро, Гулчеҳра опа театр ёки кинодами, телеспектакллардами, барча ролларни бетакрор, ўзига хос тарзда маҳорат билан ижро этувчи актрисадир.
Ўзбек Миллий академик драма театрининг устоз санъаткори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Гулчеҳра Иброҳимбекованинг театрдаги меҳнат фаолиятига эллик йил тўлди.
Шу муносабат билан Ўзбек Миллий академик драма театрида устоз санъаткорнинг “Сизсиз ўтмас кунларим” асари намойиши, яъни, бир актриса ижодига бағишланган спектакли - бенефиси бўлиб ўтди.
Гулчеҳра Иброҳимбекова Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тегишли буйруғига асосан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур мукофотни Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов спектакль намойишидан сўнг тантанали равишда топширар экан, ижод аҳли ҳамиша давлатимиз ва жамиятимиз эътиборида, халқимиз ардоғида эканини алоҳида таъкидлади.
Н.Усмонова, ЎзА