Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқимизда конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин ифодаси намоён бўлмоқда
15:00 / 2025-12-04

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллиги «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган бош ғоя асосида юксак савияда нишонланмоқда.

Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов янгиланган Конституциянинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўзлаб берди:  

– Янги Ўзбекистон аҳли улкан тарихий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий аҳамиятга молик конституциявий ислоҳотлар жараёнининг бевосита шоҳиди бўлди. Эътироф этиш керак, мазкур паллада халқимизда конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин ифодаси намоён бўлмоқда.    

Ватанпарварлик – ватанга муҳаббат ва садоқат, ватан учун хизмат қилиш ва бу йўлда бутун умрини ва салоҳиятини бахшида этиш, керак бўлса, ўз жонини ҳам фидо қилиш демакдир.  

Ватанпарварлик барча инсонлар, миллатлар, халқлар учун умумий бўлган, асрлар давомида сайқалланиб келган умуминсоний туйғу, маънавий қадриятлардан бири. Тарихий жиҳатдан ватанпарварлик инсонларнинг ўз ватани тақдири билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, халқларнинг ўзлари яшаётган ҳудуд дахлсизлиги ва мустақиллиги йўлидаги кураши жараёнида такомиллашиб келган ҳис-туйғулар жамланмаси ҳамдир. Бу ватаннинг ўтмиши ва бугуни билан фахрланишда, келажаги учун қайғуриш ва дахлдорликда, унинг манфаатларини ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Конституциявий ватанпарварлик эса ватанпарварликнинг ўзига хос туридир. Бу ибора илк бор XX асрнинг 40 йиллари охирида Германияда қўлланилган. Немис сиёсатшунос файласуфи ва сиёсий ғоялар тарихчиси Я.Мюллер ҳозирги вақтда конституциявий ватанпарварликнинг ягона фалсафий ҳуқуқий таърифи йўқлигини, том маънода у фуқаролар ишончи ва давлат ҳокимияти манбаи бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди.

Зотан, «конституциявий ватанпарварлик» ибораси мазмун-моҳиятига кўра, демократик Конституциянинг нормалари, қадриятлари ва тартиб-қоидаларига асосланиши керак.

Шундай қилиб, конституциявий ватанпарварлик Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларига ва эркинликларига, умуминсоний қадриятларга асосланади ҳамда муайян давлатдаги инсонларни жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бирлаштирадиган фалсафий-ҳуқуқий тушунчадир.

Эътироф этиш ўринлики, Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади – ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлиги ва манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш, очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятини шакллантириш, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби олий қадриятларга ўз содиқлигини ифода этишдан иборатдир.

Шунинг учун ҳам конституциявий ватанпарварлик халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўлган чексиз ҳурмати, эътиқоди ва садоқати конституциявий ислоҳотлар жараёнининг маълум босқичларида яққол намоён бўлмоқда.

Биринчиси, конституциявий ислоҳотлар ташаббуси босқичи. Бу босқичда конституциявий ислоҳотларнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами – ўқитувчилар, ишчилар, фермерлар, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.

2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида фуқароларимиз, кенг жамоатчилик ва сиёсий партиялар вакиллари мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўладиган чинакам ҳаётий таклифлар билан чиқди.

Жумладан, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, хусусий мулк муҳофазасини, мамлакатда миллатлар ва элатлараро тотувликни кучайтириш, маҳалланинг ўрни ва мақомини ошириш, оила институтининг аҳамияти, давлат ёшлар ва гендер сиёсатини, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳага инвестициялар ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ вазиятда инсоннинг экологик ҳуқуқлари, халқимизнинг ҳозирги ва келажак авлодларининг қулай ва тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш каби қатор масалаларни Конституцияда акс эттириш долзарблиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституцияга риоя этилишининг кафили сифатида аҳолининг ушбу таклифларини амалга ошириш учун конституциявий ислоҳотларни ўтказиш ғоясини илгари сурди. Шу билан бирга, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», деб эътироф этгани конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Яна бир эътиборли жиҳати, халқимиз томонидан билдирилган таклифлар кўлами, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳам юртдошларимиздаги конституциявий ватанпарварликни намоён қилди, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онг даражаси юқорилигини кўрсатди.  

Хусусан, конституциявий қонун лойиҳаси тайёрлангунга қадар бўлган даврда Бош қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича 62 минг 336 та таклиф келиб тушган. Бундан ташқари, уларга 3,8 мингдан ортиқ қўшимча ва 15,8 мингдан зиёд изоҳ билдирилгани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шу тариқа, халқимизнинг фикр ва таклифлари асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилингандан кейин фуқароларимизнинг фаоллиги ва таклифлар кўлами ҳам кескин ошиб кетди.  

Мухтасар айтганда, умумхалқ муҳокамаси даврида фуқароларимиздан конституциявий қонун лойиҳасига жами 222 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани халқимизнинг конституциявий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юқори даражага чиққанлигини кўрсатиб турибди. Улардан келиб тушган ҳеч бир таклифни эътиборсиз қолдирмасдан, Асосий қонунимизни такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.

Буларнинг ҳаммаси янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлганидан далолат беради.

Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Умумхалқ муҳокамаси якунланганидан кейин конституциявий қонун лойиҳаси референдум йўли билан қабул қилинди.  

Энг муҳими, конституциявий қонун лойиҳасининг фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши билан референдум асосида қабул қилиниши – бу халқимиз хоҳиш-иродасининг яна бир амалий ифодаси бўлди.  

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, аввало, халқимиз онгу шуурида мустаҳкам қарор топган конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин ифодаси, Бош қомусимизга бўлган садоқат, ишонч ва чуқур ҳурмат туйғуларининг амалдаги кўринишидир.

Н.Абдураимова, ЎзА