Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси
11:18 / 2021-12-07

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир.  

Конституцияда мустақил давлатнинг моҳияти, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий тизимининг демократик табиатини, унинг умуминсоний қадриятларга содиқлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юридик жиҳатдан қатъий белгилаб қўйилган. 

Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Конституция – демократик, сиёсий ва ҳуқуқий институтларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис унинг жамият ҳаётида бажарадиган вазифаларини тарихий тараққиёт ва тажриба билан узвий алоқадорликда талқин этиш орқали бу муҳим ҳужжатнинг туб моҳиятини англаш мумкин. 
 
Миллий давлатчиликнинг энг муҳим ҳуқуқий қадриятларини белгилаб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат ва жамият қурилишининг асосий ҳуқуқий тамойиллари ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиб, улар орасида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши ҳал қилувчи қоида сифатида мустаҳқамлаб қўйилган. 
 
Ана шундай мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор асосида сўнгги йилларда Ўзбекистонда туб демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат ва хўжалик бошқарувининг таркибий тузилиши модернизация қилинди ва янгиланди. 
 
Суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилгани натижасида ягона суд амалиёти шакллантирилди. Бир суд – бир инстанция тамойили жорий этилди. Электрон судлов тизими такомиллашаётгани фуқароларга катта қулайликлар яратмоқда.   
 
Бош Қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний қадриятларга асосланиши, инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.  
 
Ушбу қомусий тамойилларни амалда таъминлаш борасида судларда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Суд раислари билан фуқароларнинг учрашувлари, очиқ мулоқотлари ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, таъминлашга хизмат қилмоқда.  
 
Энг муҳими, Конституциямиз халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан ҳам доим эътироф этиб келинади.   
 
Хусусан, Бельгияда жойлашган Маъмурий фанлар халқаро институтининг бош директори Роле Лоретан Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида қуйидагича таъриф берган: “Дунёнинг демократик мамлакатлари конституциялари сингари Ўзбекистоннинг Асосий қонуни ҳам давлатнинг ривожланишидаги муҳим ва фундаментал асос хисобланади. У барча соҳанинг сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан муваффақият билан ривожланиши заминини мустаҳкамлади. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, у фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, адолатли сайловлар таъминланиши, фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг кафолати ҳисобланади”. 
 
Францияда жойлашган Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг фахрий президенти Дидье Моснинг фикрича,  “Мен бир неча маротаба Ўзбекистонда бўлиб, Конституция ҳуқуқи ва парламентаризмни ўрганиш масалаларига бағишланган халқаро тадбирларда қатнашганман. Ўзбекистон Конституцияси билан батафсил танишиб, унинг ривожланган демократик давлатларнинг Асосий қонунларига тўлиқ мувофиқ эканини айтишим мумкин. Унда демократик давлат қуришнинг барча асосий тамойиллари – Президентлик институти, ҳукумат, парламент, суд органларининг ваколатлари ва бошқалар ўз аксини топган. Демократиянинг универсал қадриятларига тўлиқ даражада мувофиқ бўлган инсоннинг асосий ҳуқуқлари аниқ белгиланган”. 
 
Конституциянинг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилиши жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчиликнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди. Асосий қонунни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизмини яратди. Унинг самарадорлигини вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди ва бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. 
 
Шундай экан, жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносини тушуниб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз лозим. 

 

Ботирбек Убайдуллаев,  
Олий суд катта консультанти.