Қарор ва ижро
Инсон қадр-қиммати улуғланган, манфаатлари устувор юртда юксалиш, тараққиёт бўлади, турмуш фаровонлашади. Мамлакатимизда ҳам мазкур тамойил асосида барча жабҳаларда ижобий ўзгариш ва янгиланишлар кузатилиб, халқимизнинг эркин, фаровон яшаши, бахтли ҳаёти йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт тизими ҳам бундан мустасно эмас.
Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Ушбу лойиҳа асосида 2020 йил 1 декабрдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилган. Унинг вазифаси давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш, ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этишдир. Шунингдек, тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, йўлланма бериш механизмини такомиллаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш учун барча чоралар кўрилмоқда. Ихтисослашган марказларга вилоят, туман ва шаҳар шифохоналарини самарали боғлаб, малакали тиббий хизматлар аҳолига яқинлаштириляпти. Тиббиётдаги кўплаб йўналишлардаги жарроҳлик муолажаларини вилоят даражасида ташкил қилиш учун шароитлардан унумли фойдаланиляпти.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 18 мартда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан очиқ мулоқотида: «Яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг республика тиббиёт марказларида даволаниши учун "ордер" деган бир эски тизим бор эди. Ушбу "ордер"лар қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани ҳеч кимга сир эмас. «Ордер» учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, унинг миқдори етарлими ёки йўқми, ҳар йили ўтказиб келинган. Оқибатда, ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда, айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган. Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф янги тизимига ўтдик. Энди ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига «электрон навбат» асосида берилмоқда», деган эди.
Ҳозирги вақтда йўлланмалар орқали республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасаларига бораётганлар учун бепул хизмат кўрсатилмоқда. Бунда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари асосида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиляпти. Биргина Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан 6 миллиард сўмлик шартнома тузилган бўлиб, 15 март ҳолатига кўра, 1 миллиард 650 миллион сўмлик тиббий хизмат кўрсатилган. Ушбу маблағ эвазига 800 нафардан кўпроқ беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Амалиётларнинг нархи энг ками 3 миллион сўмдан бошланиб, 30 миллион сўмгача баҳоланади.
— Бир беморимизнинг кўз шоҳ пардасига доғ тушган, – дейди офтальмолог Суҳроб Саиджонов. – Қўшимча касалликлари ҳам бор. Бизнинг қиладиган ишимиз – беморни барча тиббий текширувлардан ўтказиб, шоҳ пардани кўчириб ўтказишга тайёрлаш. Авваллари бу операцияни қилиш учун «план» қўйиларди. Энди эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси пул ажратишни бошлади. Шунинг учун бу йил 53 та беморни операция қила оламиз. Бунга ортиқча пул тўланмайди. Донор кўз эса Америкадан келтирилади.
— Қизимнинг вафотидан кейин кўзим хиралашишни бошлади, шифокорга борсам, операция қилиш кераклигини айтди, – дейди фарғоналик бемор Раҳимахон ая Абдуллаева. – Навбатга қўйишди ва чақиришди. Текинга жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир яхши кўряпман. Ўқиб билим олишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз ҳатто яхши-ёмонни ажратишимиз учун кўзларимизнинг кўмаги чексиз. Агар инсоннинг кўриш тизимида қандайдир муаммо туғилса, ёруғ жаҳон тор бўлиб кетади. Шунинг учун кўз жавоҳирларимизни турли шикастлардан асраш керак.
— Кўзимдаги нуқсон туғма, – дейди сурхондарёлик бемор Илҳом Соатов. – Операция қилдирмасам кўрмай қоламан. Йўлланма орқали келдим. Амалиёт учун эса ҳеч қандай пул сарфламадим. Ҳаёт тўхтаб турмайди. Фан ва технологиялар ривожланиб бораверади. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам кундан-кунга янгиликлар билан бойиб бормоқда. Юртимизда соҳага ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Бунинг самарасини халқимиз, беморлар сезиши, ҳис этиши муҳим. Мақсад, аҳоли саломатлигини асрашдир.
<iframe width="1920" height="969" src="https://www.youtube.com/embed/4aANLKN19aE" title="Халқимиз саломатлиги йўлида Давлат тиббий суғуртаси механизмлари қай даражада самара бермоқда?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА