Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси – бу йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлиб, мамлакатнинг ўтаётган йилдаги тараққиёт натижаларини сарҳисоб. Мурожаатномада маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ҳамда адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди. Президент ўз сўзида ўтган йиллар давомида ислоҳотлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ҳаётида сезилганини таъкидлади. Булар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, замонавий мактаб, боғча ва шифохоналар барпо этиш, транспорт-логистика тизими ва рақамли хизматларни ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда. Мураккаб халқаро вазият, глобал иқтисодий зиддиятлар ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётганига қарамай, 2025 йилда Ўзбекистон учун улкан ютуқлар йили бўлди. Бу ютуқларга халқнинг фаол қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг куч-ғайрати ва шижоати, маҳалланинг фуқаролик жамиятининг ноёб институти сифатидаги роли ошгани, тадбиркорлар, фермер ва деҳқонларнинг ташаббускорлиги, вазмин ва дўстона ташқи сиёсат туфайли эришилди.
Президентимиз ўз нутқида сўнгги тўққиз йил ичида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб, иқтисодиётни тубдан янгилаш, бозор муносабатларини жорий этиш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида катта ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, мамлакатимиз тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошиши халқимизнинг улкан салоҳияти ва меҳнатсеварлигининг яққол намунасидир. Шу билан бирга, халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен рейтинги кўтарилгани мамлакатимизга бўлган ишонч янада мустаҳкамланаётганини англатади. Бу эса инвестиция муҳитини яхшилаш, ташқи молиявий ресурсларни арзонроқ жалб қилиш учун кенг имкониятлар очади.
Мурожаатномада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Камбағаллик даражасининг сезиларли даражада қисқариши, миллионлаб инсонларнинг даромадли бўлиши, “камбағалликдан холи маҳаллалар” сонининг ортиши давлат сиёсатининг самарали эканини кўрсатади. Айниқса, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, инклюзив таълимни жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар жамиятда ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар тамойилини мустаҳкамламоқда. Жумладан, 2025 йил экспорт 23 фоизга кўпайиб, 33,4 млрд. долларга етказилиши қайд қилинди. Энг муҳими, олтин-валюта захиралари илк бор 60 млрд. доллардан ошди. Иқтисодиётга жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 млрд. долларга етди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли 5 млн. аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 млн. эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга қисқарди. Мамлакатимиз том маънода улкан қурилиш майдонига айланди. Янги уй-жойлар, таълим ва маданият масканлари, маҳобатли кўприклар, равон йўллар, сўлим боғу хиёбонлар юртимиз кўркига кўрк бағишлаб, халқимизнинг ҳаёт сифатини юксалтирмоқда.
Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга бугун дунё аҳли алоҳида эътибор билан қарамоқда. Халқаро сиёсатчилар, эксперт ва мутахассислар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига позитив шарҳлар бераётгани, бир томондан, мамлакатимизнинг жаҳондаги мавқеи тобора юксалиб бораётгани туфайли бўлса, иккинчи томондан, кейинги пайтда глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айлангани билан боғлиқ. Хусусан, бу йил юртимизда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форуми ўтказилди.
Марказий Осиё мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги энг устувор йўналиш бўлиб қолаётир. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди. Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши, шубҳасиз.
Ўзбекистон Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарбни бирлаштирадиган марказга айланиб бормоқда. Октябрь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлса, ноябрь ойида ўтказилган Марказий Осиё ва АҚШ саммити, яқинда Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида эришилган келишувлар кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Ўтган ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.
Маҳалла ва яхши қўшничилик — ўзаро уйғун қадриятлар. Улар жамиятда ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради. Ижтимоий капитал деганда, одатда, жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ҳамкорлик, ижтимоий нормалар ва тармоқлар йиғиндиси тушунилади. Ўзбекистон шароитида маҳалла азалдан ана шу ижтимоий капитални яратиш ва ривожлантиришнинг асосий механизмларидан бири бўлиб келган. Бу ерда одамлар бир-бирини яхши танийди, қийинчиликда ёрдам беради, қувончда бирга бўлади ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилади. Маҳалланинг анъанавий тузилмалари, қариялар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари ва ёшлар етакчилари орқали жамоавий қарорлар қабул қилинади, низолар тинч йўл билан ҳал этилади ва жамоат тартиби сақланади. Буларнинг барчаси аҳоли ўртасидаги ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаб, ижтимоий капитални бойитади.
Президентимиз ўз нутқида миллий бирдамлик масаласига алоҳида урғу бериб, “тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган” деган фикрларни илгари сурди. Бу тарихий тажрибанинг бугунги кундаги аҳамияти, айниқса, глобал мураккабликлар шароитида янада ортади. Маҳалла ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, халқни янада бирлаштиришда беқиёс роль ўйнайди. Бу ерда миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар авлоддан авлодга ўтади, умумий ғоя – Ватан ва халқ манфаати йўлида бирлашиш ҳисси шаклланади. Президентнинг ёшларни улкан бунёдкор кучи сифатида эътироф этиши ҳам, уларнинг маҳалла муҳитида шаклланадиган салоҳиятига бўлган ишончни англатади.
Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз ҳам тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Демакки, маҳалла жамиятнинг энг асосий пойдевори. Бу – маҳалла даражасидаги барқарорлик ва ижтимоий аҳиллик, умумий миллий барқарорликнинг гарови эканлигини англатади. Маҳалладаги ижобий муҳит фуқароларнинг фаровонлигини таъминлашга, ижтимоий муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, маҳалла давлат ва жамият ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаб, давлат сиёсатининг бевосита аҳолига етиб боришини таъминлайди.
Президентимизнинг 2026-йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифи, маҳалла институтига бўлган давлат эътиборининг янги босқичига ишора қилади. Бу нафақат маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, унинг инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, балки маҳалланинг ижтимоий-сиёсий ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурларини амалга оширишни англатади. Ушбу ташаббус маҳаллани мамлакатнинг бутун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг марказига қўйишга қаратилгандир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси Ўзбекистоннинг бугунги ва келажак тараққиётида маҳалла институтининг муҳимлигини стратегик даражада белгилаб берди. Маҳалла – бу нафақат ўзбек жамиятининг тарихий мероси, балки ижтимоий капитални шакллантирувчи, миллий бирдамликни таъминловчи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи ва умуман, мамлакат тинчлиги ва равнақининг асосий пойдеворидир. 2026-йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифи эса, бу тизимнинг келгусидаги янада мустаҳкамланиши ва Ўзбекистоннинг ўзгаришлар давридаги муваффақиятида ҳал қилувчи рол ўйнашини англатади. Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг ўзига хос, инсон қадри ва жамоавий бирдамликка асосланган тараққиёт йўлининг яққол намоёнидир. Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллаларни, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади. Демакки, маҳалладаги ислоҳот, бу бир идорадаги тартиб-таомилларни ўзгартириш ёки унинг атрофини обод қилишгина эмас. Бу, аввало, ҳар бир хонадонга кириб бориш, ҳар бир инсон тақдири билан қизиқиш, унинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқарадиган тизим яратиш, демакдир. Шу нуқтаи назардан, юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир юртдошимиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак. Шунинг учун кириб келаётган 2026 йил, Президентимиз таъбири билан айтганда, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларни ҳам белгилаб берди. Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат. Иккинчи устувор йўналиш — иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш. Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 млрд. долларга етказиш прогноз қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари учинчи устувор йўналиш — ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 трлн. сўм ресурс ажратилади. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 трлн. 700 млрд. сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади. Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади. Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея Республикаси каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади. Бешинчи устувор йўналиш — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш. Экология — ҳаёт-мамот масаласи экани бугун тобора ойдинлашмоқда. Шу боис экологияни асраш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ишлар келгусида янги босқичда давом эттирилади. Жумладан, йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади. Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштираётир, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказмоқда. Шу боис дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади. Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тадбирлари кўрилади.
Олтинчи устувор йўналиш — замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади. Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчиларининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратилади. Давлат хизматларини проактив ва жамлама шаклда кўрсатиш тизими ривожлантирилади.
Коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши айтилди. Хусусан, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
Хуллас, Мурожаатномада илгари сурилган ҳаётбахш ташаббуслар, белгилаб берилган долзарб вазифалар халқимизни рози қилиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Янги йил байрами арафасида давлатимиз раҳбари парламентга ва халқимизга мурожаат қилиш асносида юртдошларимиз дилида, онгу руҳида бир тебраниш, жўшқинлик ва кўтаринкилик уйғотдики, бу кайфият ҳар биримизни ҳаётга теран назар ташлашга, эл-юрт тақдирига дахлдорлик, фидойилик, жонкуярлик, шижоат, фикран очиқлик, бедор қалб билан яшашга ундайди.
Ташпўлат Матибаев,
социология фанлари доктори, профессор,
халқ депутатлари Тошкент шахар Кенгаши депутати