Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқимиз фаровон яшашга муносибдир
17:03 / 2025-11-21

Президентимиз олиб бораётган доно сиёсатнинг замирида  халқимиз фаровон яшасин, ҳеч кимдан кам бўлмайлик, чунки бизнинг заҳматкаш одамларимиз бунга муносибдир, деган эзгу ғоя бор.

Жойларда раҳбарларимиз, сенатор ва депутатларимиз томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллардан мақсадимиз ҳам аҳолимизга қандай шароитлар яратилган, уларнинг қандай муаммолари бор, ўй-фикрлари нималардан иборат, деган саволларга жавоб топишдир. 

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, муаммоларни жойида эшитиш, халқ вакилларининг фикри, эътирози ва таклифларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулдаги самимий руҳ, очиқ мулоқот йиғилганларга маъқул бўлди, шекилли,тадбир қатнашчилари тортинмай фикрларини билдиришди, саволлар беришди. 

Одатда сайёр қабулларда фуқароларнинг аксарият мурожаатлари уй-жой, моддий ёрдам, даволаниш, ишга жойлаштириш, кредит олиш, суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш, ҳудудни ободонлаштириш каби маиший масалаларда бўлса, бу гал мамлакатимиз ёшларининг ёрқин келажаги, фарзандлар тарбиясига миллийликни сингдириш, таълим дастурлари, ўқув дарсликларини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни китоб мутоаласига, адабиётга қизиқтириш, ёшларнинг иқтидор ва истеъдодларини намоён этишига кўмаклашиш, уларни қўллаб қувватлаш масалалари бўйича таклифлар тингланди. 

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган қабулда хивалик Инобат Саидова бошланғич синфларда таълим олаётган фарзандларнинг дарсликлари вазн жиҳатидан оғир экани, айрим дарсликларнинг ҳажмини қайта кўриб чиқиш ёки улардан ўқувчиларнинг фақат синфхоналарида фойдаланиши кераклиги борасида ўз фикрларини билдирган бўлса, педагог Муқаддас Шайхова ўқувчиларни кундалик меҳнатга ўргатиш орқали боқимандалик иллатидан асраш мумкинлиги ҳақида гапирди. 

Сенатор билан мулоқот давомида Хива шаҳрида жойлашган Огаҳий номидаги ижод мактаби жамоаси вакиллари мамлакатимизда ижодга, айниқса, ёш ижодкорларга жуда кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги танловнинг қамровини ошириб, республиканинг барча ҳудудларида ўтказишни таклиф қилди. 

Мулоқот якунида сенатор Абдусаид Кўчимов инсон қадри улуғланаётган юртимизда юз бераётган ҳаётбахш ислоҳотлар бугун ҳар бир хиваликнинг ҳаёти ва турмуш тарзида акс этаётганини таъкидлади. Тингланган мурожаатлар, таклифлар, албатта, тегишлилиги бўйича ўрганилиб, уларга ижобий ечим топишда кўмаклашиш билдирилди. 

Сайёр қабулдан сўнг суҳбатлар хоразмлик истеъдодли ижодкорлар, аҳоли ва кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар билан бўлган ижодий учрашувда давом этди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар Мунис Хоразмий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Омон Матжон, Эркин Самандар каби ўзбек адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган хоразмлик шоирлар, ёзувчи, драматурглар, санъат ва давлат арбоблари ҳаёти ва ижоди, воҳада бугунги адабий муҳит, қалам аҳли ва ижодкорлар фаолияти, янги асарлар ва режалар ҳақида гапирди. Бугун ёшлар ўртасида наср ва назмда ижод қилишга интилиш, иштиёқ ошиб бораётгани қайд этилди.

Шунингдек, тадбир давомида таниқли журналист, публицист ва ёзувчи, “Шуҳрат” медали соҳиби Шержон Машарипов 70 ёшга тўлиши муносабати билан қутланди. Унинг журналистика, адабиёт ва ёшларнинг маънавиятини юксалтириш йўлида олиб бораётган фаолияти эътироф этилди. 

Умуман, бўлиб ўтган сайёр қабул ва ижодий учрашув одамларимизда моддий қизиқишлардан кўра, маънавиятга интилиш устувор экани, улар ёшларимизнинг эртанги куни, миллий қадриятларимизнинг барқарорлиги тўғрисида кўпроқ қайғураётганини яққол кўрсатди. Одамлар мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан мамнун экани, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани уларнинг кўзларида, ёруғ чеҳраларида сезилиб турди.

 Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари