Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жамият ҳаётининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган аёллар, Зулфияхоним қизлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган чет эллик дипломат аёллар, Халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари бор.
Байрамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари хотин-қизларни ушбу айём билан табриклаб, уларга меҳри, эҳтиромини изҳор этди.
– Шукуҳи ва қувончи тамоман ўзгача бўлган бугунги тантанамизда иштирок этаётган сиз, нафосат олами вакилларини, бутун мамлакатимиз аёлларини Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман. Барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимни ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Аввало, оилангиз ва яқинларингиз бахтига, қолаверса, аёл қадрини эъзозлаб яшайдиган эл-юртимиз бахтига соғ-омон бўлишингизни, доимо мана шундай гўзал баҳорий кайфиятда юришингизни тилайман. Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенѓсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди.
[gallery-6028]
Юртимиз заминидаги “Бибихоним”, “Қизбиби”, “Модарихон”, “Қирққиз” мажмуаси каби табаррук меъморий обидалар ҳам, ана шундай азалий юксак эътибордан далолат беради.
Айни пайтда биз, инсоният тараққиётига унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизни дунёга келтириб, меҳр билан тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантириб, камарбаста бўлган фозила аёлларимиз билан, албатта, фахрланамиз, деди Президент.
ЎзА