Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқчил суд тизимини шакллантириш асосий мақсадимиз
15:16 / 2025-12-29

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилишнинг стратегик йўналишларини белгилаб берди.

Айниқса, мурожаатномада белгиланган олтинчи устувор йўналиш - замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш суд тизимида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, очиқлик, шаффофлик ва рақамлаштириш тамойилларини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.

Мурожаатномада одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш, шунингдек, тергов жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу жараён суд ишларини юритишда инсон омилини қисқартириш, коррупция хавфларини камайтириш ҳамда қарор қабул қилишда объективликни таъминлашга қаратилган.

Бундай муҳим вазифаларни бажариш судьялар корпусининг касбий салоҳияти, ҳуқуқий маданияти ва замонавий кўникмаларига бевосита боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси судьяликка номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судьялар малакасини ошириш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг институционал асосини таъминловчи етакчи таълим муассасаси сифатида муҳим ўрин тутади.

Ислоҳотлар шароитида судьяликка номзодлар ва амалдаги судьялар электрон суд ишлари юритиши, рақамли процессуал ҳужжатлар, электрон далиллар ва маълумотлар базалари, сунъий интеллект асосидаги таҳлилий воситалар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлиши талаб этилади.

Академия ташкил этилган дастлабки кунлардан ўқув дастурларини қайта кўриб чиқилиб, уларга рақамли суд ишлари, электрон далилларни баҳолаш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга қаратилган махсус модуллар ўқув жараёнига жорий этилди.

Мурожаатнома тергов судьялари институтининг янада ривожлантирилиши, хусусан, 2026 йилдан уларга санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш режалаштирилгани қайд этилди. Бу эса тергов судьяларининг мустақиллиги ва жавобгарлигини ошириш билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд назоратининг аҳамиятини кучайтиради.

Мазкур институтнинг самарали ишлаши судьялардан халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларини чуқур билиш, “Habeas corpus” институтининг моҳияти ва амалиётини тўғри қўллаш, процессуал қарорларни асосланган ва далилларга таянган ҳолда қабул қилиш каби юқори касбий компетенцияларни талаб қилади. Ана шу мақсадда Академияда тергов судьялари учун ихтисослаштирилган ўқув курсларини жорий этиш асосий вазифалардан ҳисобланади.

Мурожаатномада жиноят процессига “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш ташаббусиҳам илгари сурилди. Ушбу институт суд муҳокамаларида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, суд қарорларининг адолатлилиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Бу эса судьядан нафақат ҳуқуқий билим, балки равон ва асосли нутқ, жамоатчилик олдида фикрни аниқ ифодалаш, суд муҳокамасини очиқ ва холис олиб бориш каби коммуникатив кўникмаларни талаб этади. Шу боис, судьяларни тайёрлаш жараёнида суд нутқи маданияти, суд этикаси ва жамоатчилик билан мулоқот масалаларига бағишланган амалий машғулотларни кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.

Президент Мурожаатномасида 2026 йил коррупцияга қарши курашда “фавқулодда чоралар йили” сифатида белгиланиши давлат хизматчилари, айниқса судьялар учун масъулиятни янада оширади. Судьянинг касбий фаолиятида ҳалоллик, мустақиллик ва манфаатлар тўқнашувига муросасиз муносабат асосий тамойил бўлиб қолади. Шу муносабат билан, Одил судлов академиясида судья этикаси, комплаенс ва коррупция хавфларини олдиндан аниқлаш, шахсий молиявий саводхонлик масалалари бўйича ўқув курсларини тизимли йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бир сўз билан айтганда Мурожаатнома суд-ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган аниқ ва изчил вазифаларни белгилаб берди. Бу вазифаларнинг амалий натижаси, аввало, судьялар корпусининг касбий тайёргарлиги ва маънавий баркамоллигига боғлиқ.

Шу маънода, Академия судьяликка номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судьяларнининг малакасини ошириш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг интеллектуал, касбий ва ахлоқий таянчига айланади деб ишонч билдириш мумкин. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз касбий бурчи деб билган, ҳалол ва мустақил судьялар корпуси-адолатли судлов ва қонун устуворлигининг асосий кафолатидир.

Дилшод Исраилов

Одил судлов академияси

 кафедра мудири