Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқчил ижодкор ёди 
17:54 / 2024-05-10

Бугун Aдиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудининг 121 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адабий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир аввалида шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, унинг хотирасига эҳтиром кўрсатилди. 

Атоқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ғафур Ғуломнинг «Динамо», «Йигит», «Эгалари эгаллаганда», «Хитойдан лавҳалар» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932), «Кўкан» (1934), «Сизга» (1935), «Чашма» (1939), «Янги шеърлар», «Шеърлар» (1946), «Ўзбек элининг ғурури» (1949), «Шараф қўлёзмаси» (1950), «Танланган асарлар» шеърий тўплам ва достонлари, «Жўрабўза» ҳикоялар тўплами, «Мухбир суди» (1929) пьесаси ҳамда «Нетай» (1932), «Тирилган мурда» (1935), «Ёдгор», «Шум бола» (1938) каби қиссалари адабиёт билимдонларига яхши таниш. 

Ғафур Ғулом ижоди халқона тили, қомусий билимларга бойлиги, давр руҳини ўзида яққол ифода этгани билан аҳамиятлидир. 2023 йилда Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари дунёдаги энг яхши болалар адабиётининг Топ- 100 талигига киритилган. Бу адиб ижодига жаҳон миқёсида берилган юксак эътирофдир. 

Унинг асарлари асосида театр спектакллари ва кинофильмлар яратилган. Ғафур Ғулом “Отелло”, “Қирол Лир” сингари жаҳон адабиёти, шунингдек, рус адабиётидан намуналарни она тилимизга таржима қилган. 

Истиқлол йилларида шоир ижоди юксак қадрланиб, «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган. Адабий анжуманда улуғ адибнинг қолдирган ижодий мероси, ҳаёт йўли ҳақида сўз борди. Ёшлар бадиий чиқишларини намойиш қилди. Шоирнинг шеърларидан намуналар ўқилди. 

Шоир таваллуд куни билан боғлиқ тадбирлар Ғафур Ғулом уй-музейида давом этди. Шоир руҳига Қуръон тиловат қилинди. Асарларининг миллий адабиётимиздаги ўрни хусусида батафсил сўз юритилди. 

Н.Усмонова, ЎзА мухбири