English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси
17:01 / 2023-12-08

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” шиори остида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди ва Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган мамлакатимизнинг тақдири ва келажагини белгилайдиган умумхалқ референдумида халқимиз фуқаролик позицияси, юқори сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва кенг дунёқарашини намоён этиш билан бирга,  Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда фаол иштирок этди ва янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Энг асосийси, ушбу референдум  халқимизда эртанги кунга – эркин ва фаровон келажакка масъулият ҳиссининг ортганлигини яна бир маротаба исботлади.

[gallery-14971]

Албатта, янги таҳрирдаги мамлакатимиз Конституцияси Янги Ўзбекистон ва унинг ажралмас қисми бўлган Янги Қорақалпоғистоннинг  стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва маърифий, суд-ҳуқуқ соҳаларини янада барқарор ривожлантиришнинг ишончли кафолатига айланмоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан  ушбу санани муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида янгиланган Конституциянинг мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва меҳнат жамоаларида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда сўнгги йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Бош қомусимизнинг ўрни ва ролини кенг ёритиш, фуқароларни асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида жипслаштириш, “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси” бош ғоясини мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш белгиланди. Мулкчилик ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат, спорт соҳаларини янада ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий ғамхўрлик кўрсатиш сингари қатор вазифаларнинг илгари сурилганлиги аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар асосида ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Тантанали тадбир санъат усталарининг байрам концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари