Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарордан кўзланган мақсад, мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш, осори-атиқаларга бой она юртимиз дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бири эканини халқаро миқёсда намойиш этишдир.
Шу мақсадда, Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” ўтказилади.
Жорий – 2022 йилда ўтказиладиган ҳафталик доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси аллақачон ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш ўринлики, Халқаро ҳафталик ўтказиладиган бинолар ҳамда хорижий иштирокчилар учун банд қилинган жойлар мусулмон меҳмондўстлиги ва бошқа дин вакиллари талабномаларига мос қулайликлар билан таъминланади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Халқаро ҳафталик доирасида диний китоблар, диний уламоларнинг асарлари ва Ўзбекистонда чоп этилган Қуръони карим ҳамда мавзули сувенир маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этади.
Маданият вазирлиги “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда маданий тадбирларда иштирок этиш учун хорижий ва маҳаллий ҳунарманд ва наққошлар, миллий раққослар ансамбллари, мусиқий ижод ва анъанавий санъат усталари ҳамда миллий ва сипо (камтар) либослар дизайнерлари иштирокини таъминлайди.
Шунингдек, диний-маърифий тадбирларда таниқли хорижий ва маҳаллий диний уламолар, воизлар ва диний-маърифий соҳа вакиллари жалб этилади.
Ҳар йили 15 октябрга қадар Халқаро ҳафталик ўтказиладиган диққатга сазовор жойлар шай ҳолатга келтирилади.
ЎзА