Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро ёшлар мактаби иштирокчилари тақдирланди
15:45 / 2021-12-02

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси кўмагида «Марказий Осиё тарихи ва маданияти» мавзуида Халқаро қишки ёшлар мактаби ўтказилди.

Халқаро ёшлар мактабида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат, Миллий тадқиқот Томск давлат, Беларус давлат ва Aл-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетлари талаба-ёшлари иштирок этди.

Халқаро ёшлар мактабида иштирок этган хорижлик талабалар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарихи ва фаолияти билан таништирилди, хусусан, университет кутубхонаси, музейлар ва факультетларга ташрифлар ва Тошкент шаҳри билан яқиндан танишиши учун шаҳар бўйлаб тур ташкил этилди.

Хорижий ва миллий профессор-ўқитувчиларнинг қизиқарли маърузалари ва семинарлари ўтказилди, тарихий обидалар, миллий-маданий марказлар билан таништириш мақсадида Бухоро, Самарқанд шаҳарларга ташриф уюштирилди.

- Ўзбекистоннинг уч қадимий шаҳарлари: Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлдик. Аввалдан Бухоро тарихи билан танишиб, қизиқиб юрар эдим. Бу лойиҳа сабабли ўзим бу тарихий шаҳарни кўриш имкониятига эга бўлдим. Китобларда ўқиганларингизни ўз кўзингиз билан кўриш жуда бошқача бўлар экан. Бу шаҳар олам мўъжизаларидан бирига ўхшайди. Бу имкониятни бизга берган ташкилотчиларга, профессор-устозларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди Москва давлат университети талабаси Юрий Кнапик.

Шунингдек, халқаро ёшлар мактаби доирасида «Ёшларнинг халқ дипломатиясидаги ўрни» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Конференцияда ёшларнинг халқ дипломатиясидаги ўрни, халқаро ёшлар мактабининг ҳамкорликдаги аҳамияти, спортнинг халқ дипломатиясидаги ўрни ҳамда ўн кунлик ўрганишлар юзасидан иштирок этаётган хорижлик талабалар ўз тақдимотларини ҳимоя қилди, ўзбек миллий таоми - ош тайёрлаш бўйича мастер-классларда иштирок этди.

Халқаро ёшлар мактаби якунида иштирокчилар университет томонидан махсус сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА