Таълим тизимида халқаро тажрибаларни ўрганиш, ривожланган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва талабалар алмашинувини таъминлаш юртимиздаги олий таълим муассасаларининг ривожланишига асос бўлади.
Шу муносабат билан МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси кўмагида “Марказий Осиё тарихи ва маданияти” мавзусида “Халқаро ёшлар мактаби – 2021” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ушбу лойиҳанинг очилиш маросими тантанали тарзда ташкил этилди.

Халқаро ёшлар мактабида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (Россия), Миллий тадқиқот Томск давлат университети (Россия), Беларусь давлат университети (Белоруссия) ва Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети (Қозоғистон)дан 17 нафар хорижий талаба-ёшлар иштирок этди.
– Ўзбекистон Миллий университети ўзининг интенсив таълим курслари ва илмий фаолияти туфайли Ўзбекистон ОТМлари орасида ўз ўрнига эга, динамик равишда ривожланаётган университетлардан биридир. Айтиш жоизки, бу олий таълим муассасасининг халқаро таълим стандартларига ўтиш йўлида жиддий қадамлар қўяётганлигидан далолатдир, – деди университетнинг Халқаро алоқалар бўйича проректори Раима Ширинова. –“Халқаро ёшлар мактаби – 2021” лойиҳаси ушбу Марказий Осиё тарихи ва маданиятини чуқур ўрганаётган ҳамда шу соҳада фаолият олиб бораётганлар учун қўшимча билимларни олиш, етакчи олимлар ва амалиётчилар билан учрашувлар орқали мустақил ишлар олиб боришга имконият яратиб беради.

“Халқаро ёшлар мактаби – 2021” лойиҳасининг дастлабки кунида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарихи ва фаолияти билан таништирилди, хусусан, университет кутубхонаси, музейлар ва факультетларга ташриф ташкиллаштирилди.
Шу билан бир қаторда, хорижий талаба-ёшлар Тошкент шаҳри билан яқиндан танишишлари учун шаҳар бўйлаб тур ташкил этилди. Лойиҳа давомида талаба-ёшлар хорижий ва миллий профессор-ўқитувчиларнинг қизиқарли маърузалари ва семинарларига жалб этилади. Дастурда талаба-ёшлар тарихий обидалар, миллий-маданий марказлар билан таништириш мақсадида Бухоро, Самарқанд шаҳарларга ташрифлари уюштирилиши режалаштирилган.
Халқаро қишки мактаб якунида иштирокчилар университет томонидан махсус сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланадилар.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА