Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, халқаро йўналишларда мунтазам автобус қатновлари қайта тикланди. Хусусан, жорий йил 18 июлдан бошлаб Тошкент-Москва йўналишида ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, чипта нархи 1 миллион сўм, Тошкент-Қозон йўналиши, ҳар сешанба ва жума кунлари, йўналиш нархи 800 минг сўм ҳамда бугундан эътиборан Тошкент–Санкт-Петербург йўналиши ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунларида, чипта нархи 1 миллион 250 минг сўмни ташкил этмоқда.
Қайд этилишича, мазкур йўналишларда қатновлар “Uzautotrans service” МЧЖ корхонасининг “Yutong” русумли автобусларида амалга оширилади. Йўналишга чиқаётган ҳар бир автобусга 3 нафардан ҳайдовчи бириктирилган. Йўналишларга чиқишдан олдин ҳар бир ҳайдовчи тиббий кўрикдан, автобуслар эса техник кўрикдан ўтказилади. Қатнов давомида ҳар тўрт соатда ҳайдовчилар алмашади.
Шунингдек, йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда “Uzautotrans service” корхонаси томонидан Тошкент – Омск, Тошкент – Пермь, Тошкент – Уфа каби йўналишларда ҳам автобус қатновларини босқичма-босқич қайта тиклаш режалаштирилган.
Мутахассис сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва қўшни давлатларга “Тошкент” автовокзали орқали ташкил этилаётган автобус рейсларида ишончли хизмат кўрсатилиши кафолатланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА