Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро ярмарка ноширлик ва тажриба алмашиш майдонига айланди
18:56 / 2022-11-04

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида китобхонлик, мутолаа маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Мазкур Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасидан кўзланган асосий мақсад ноширлик-матбаа соҳасида эришилган ютуқларни халқаро даражада намойиш этиш, ноширлик, матбаачилик ҳамда китоб савдоси ташкилотларининг хорижий соҳа мутахассислари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, мамлакатда ноширлик ишини замонавий, янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлди. 

Маълумки, мамлакатимизда сифатли китоб маҳсулотларини чоп этиш, бу борада жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китобхонликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бу борадаги вазифалар ижросини таъминлашга катта  эътибор қаратилмоқда.

“TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Россия Федерацияси, Ҳиндистон, Буюк Британия, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия давлатларидан соҳа мутахассислари, шунингдек, кўплаб хорижий нашриёт ва китоб савдо ташкилоти вакиллари иштирок этди. 

Шунингдек, мамлакатимиздаги 30 та давлат ва хусусий нашриёт ҳамда китоб савдо ташкилотлари китоб ярмаркалари билан кўргазма-ярмаркада  қатнашди.

– Туркияда ҳар бир инсон ота маконимиз бўлмиш Ўзбекистонга келишни жуда орзу қилади, – деди Турк тили ассоциацияси директори ўринбосари Омар Гўк. – Мазкур кўргазмада ўзбек тилидан турк тилига таржима қилинган китоблар намойиш этилди. Умуман олганда, кўргазма юртингизда китобхонликка қаратилаётган эътиборнинг амалий натижасидир.

– Биз бу китоб кўргазма-ярмаркасида биринчи марта иштирок этдик, – деди Россиянинг "О-Краткое" нашриёти директори Евгений Дрогов. – Кўргазма-ярмарка ноширлик, китоб иши бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашиш майдонига айланди.

– Нашриётимизда бадиий, ижтимоий, сиёсий, болалар, диний, психологик йўналишдаги адабиётлар тайёрланади, – деди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйининг маркетинг бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ёқубов. – Мазкур китоб-ярмаркаси китобхонлар фикрини ўрганиш имконини берди.

Чиндан ҳам уч кун давомида ноширлик иши мутахассислари ўзаро тажриба алмашиш билан бирга, китобхонларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўргандилар. Соҳа ривожига оид давра суҳбатлари, анжуманлар, семинарлар ўтказилди. Янги китоблар тақдимоти ўқувчилар билан гавжум бўлгани ҳамюртларимизнинг китобхонликка бўлган қизиқишидан дарак беради.

TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг якуни бўйича кўплаб нашриётлар турли номинацияларда диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

"Энг яхши китоб" кўрик-танловининг бош соврини – Гран-при Қирғизистоннинг "Манас" ҳамда Чингиз Айтматов Миллий академиясига "Манас"ни дунёга танитганлар" номли китоблар серияси ҳамда ноширлик соҳасида эришган юксак натижалари учун берилди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА