Аввал хабар берганимиздек, Наманганда бошланган велоспортнинг трек йўналиши бўйича “Silk-Road Namangan-1" (“Ипак йўли Наманган”) халқаро турнирида дастлабки ғолибларнинг номи аниқ бўлди.
Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Наманган вилояти ҳокимлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги кўмагида ўтказилаётган халқаро пойгаларда дунёнинг ўнга яқин давлатлардан юздан ортиқ спортчилар “Париж – 2024” ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси йўлидаги рейтинг очколарини қўлга киритиш учун беллашмоқда.
Мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси етакчиси Ольга Забелинская "Омниум" пойгасида олтин медалга сазовор бўлди ва “Олимп” сари қадам ташлади. Ушбу йўналишда Маргарита Мисюрина (кумуш) ва қозоғистонлик Рината Султонова (бронза) ҳамюртимиздан ортда қолдилар. “Омниум” пойгасида эркаклар ўртасида қозоғистонлик Рамиз Динмуҳаметов барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда “финиш” чизиғига биринчи бўлиб етиб келди. Гонконг терма жамоаси аъзоси Тсун Чу иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликни Ўзбекистон терма жамоаси вакили Дмитрий Бочаров якунлаб берди.
[gallery-11158]
Аёллар иштирокидаги “Спринт” пойгаларида гонконглик спортчилар етакчиликни ўз қўлига олди. Ю Чо Еунг, Винг Сзе Нг ва Поэбе Тунг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Хотин-қизлардан фарқли ўлароқ эркаклар ўртасида шарқий осиёликлар фақат учинчи поғонага бошқа давлатга ютқазишди, холос. Хо Тсун Юнг ва Хеи Чеук То Гонконг термаси ғазнасини олтин ҳамда кумуш медаллари билан бойитди. Маррани учинчи бўлиб босиб ўтган Россия Федерацияси пойгачиси Андрей Швецов бронза медалини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Мусобақанинг сўнгги кунида спортчилар "Скретч", "Чиқиб кетиш", "Медисон" ва "Кейрин" йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этди. Ҳамюртларимиздан тажрибали Ольга Забелинская, Маргарита Мисюрина, Нафосат Қўзива олтин медалга сазовор бўлди.
“Silk-Road Namangan-1" халқаро турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Эндиликда кўпкунлик пойгаларда велоспортчилар 2 апрелгача бўлган муддатда "Silk Road Namangan 2" халқаро турнирида беллашади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.