Наманган вилояти кейинги йилларда спортнинг кўплаб турлари бўйича нуфузли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилмоқда. Яқинда Давлатобод туманидаги “Дўстлик” спорт мажмуаси кортларида 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида теннис бўйича “ITF World tennis tour” доирасидаги халқаро турнир юқори савияда ўтказилди.
Бир ҳафта давом этган мазкур мусобақада иштирок этиш учун Туркия, Исроил, Беларусь, Россия Федерацияси, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон сингари ўндан ортиқ давлатлардан юз нафардан зиёд ёшлар ташриф буюрди. Саралаш ва асосий тур беллашувларини ғалаба билан якунлаган спортчилар ҳал қилувчи даврага йўл олишди. Ўсмирлар ўртасидаги яккалик ўйинлар финалида қозоғистонлик Виталий Зецепинни 7:6, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳамюртимиз Амир Милушев бош совринни қўлга киритди. Жуфтлик беллашувларда ҳамюртларимиз Дамир Абдусаматов, Иля Игнатов жуфтлиги Исроил давлатидан келган Симон Левй, Эял Шумилов жуфтлигини 6:2, 1:6, 10:3 ҳисобида мағлуб этди.


Муросасиз кечган қизлар иштирокидаги яккалик баҳсларида россиялик Кира Батаикина ватандош рақибаси Уляна Романовани 4:6, 6:2, 6:3 ҳисобида енгиб, чемпионликни қўлга киритди. Жуфтлик беллашувларида эса ҳамюртларимиз Шаҳноза Маримова ва Сабрина Олимжанова рақибалари Кира Ботаикина ва Уляна Романова қарама-қаршилигини 6:3, 6:3 ҳисобида енгиб, ғалаба қозонди.
Мусобақа ғолиблари Халқаро теннис федерацияси таснифида ўзлари учун муҳим ўрин тутувчи рейтинг очколарига эга бўлишди. Халқаро турнир ғолиб-совриндорлари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири