English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро туризм ярмаркасида 20 та давлатнинг сайёҳлик ташкилоти миллий стендлари тақдим этилмоқда
14:41 / 2023-11-15

Пойтахтимизда “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (TXTY-2023) нинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси, “Team & Co Group” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.  

“TXTY-2023”га чет элга сайёҳлар жўнатиш билан шуғулланувчи 15 та хорижий ва 50 дан ортиқ маҳаллий туристик компания вакиллари ҳам таклиф этилган. Ярмаркага ташриф буюрувчилар янги сайёҳлик йўналишлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.  

Қайд этиш лозимки, “TXTY-2023” туризм маҳсулотларини тарғиб қилувчи ва ҳамкорлик учун бизнес алоқаларини ўрнатувчи энг йирик ахборот тадбиридир. Ярмарка 1995 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда. Тадбир ҳар йили туризм соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлайди ва ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади. Ярмарка доирасида Франция, Чехия, Япония, Малайзия, Таиланд, Сингапур, Ҳиндистон, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Хитой ва бошқа 20 та давлатнинг сайёҳлик ташкилотлари миллий стендлари тақдим этилмоқда.  

[gallery-14580]

Шунингдек, тадбирнинг бизнес қисмида туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида Халқаро форум ҳамда сессиялар, турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари ўртасида B2B учрашувлари, давра суҳбатлари ўтказилиши ҳамда сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудлари тақдимотлари, маҳаллий ва хорижий ошпазлар иштирокида гастро-бозор ташкил этилиши режалаштирилган.  

Муҳайё Тошқораева, 

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА