Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро туризм маркази – Самарқанднинг янги сайқали
23:07 / 2022-08-23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 23 август куни Самарқандга келди.

Марказдан ўрин олган “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳовлисида самарқандлик нуронийлар, зиёлилар билан самимий суҳбат бўлди. Ушбу иншоотлар хайр-баракали бўлишини, бундай яхшиликлар кўп бўлишини тилаб, дуо қилинди.

Шундан сўнг “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, барчани ушбу қувончли воқеа билан табриклади.

- Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди. Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Самарқанд – миллий давлатчилигимизга асос бўлган, тарихимиздаги иккала Ренессанс даврида ҳам муҳим ўрин тутган шаҳар. Шу боис сайёҳлар бу ерга асосан қадимий обидаларни кўриш ва табаррук жойларни зиёрат қилиш учун келар эди. Туризмнинг бошқа йўналишлари учун замонавий мажмуалар йўқ эди.

2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан катта амбицияли лойиҳа бошланди - Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда улкан мажмуа қуришга киришилди. Аввало, тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа  жалб этилиб, пухта лойиҳа ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу ерга бир неча марта келиб, қурилишни миллий меъморчилик анъаналаримиз ва одамларга қулайлик жиҳатидан такомиллаштирди. Бунёдкорлик ишларида малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари иштирок этди.

Шу тариқа қисқа вақтда, пандемиядаги қийинчиликларга қарамай, ушбу улкан мажмуа қуриб битказилди.

Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин.

- Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади, деб ишонаман, - деди Президент.

Марказга “Буюк ипак йўли” деб номланганида чуқур маъно бор. Бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Масалан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

Бу ерда қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандлик устахонаси ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади.

Бу мамлакатимизда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш борасидаги улкан ишларнинг бир қисми. Янги туризм маркази келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллиондан оширишда муҳим ўрин тутади. Умуман олганда, келгуси беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказиш мақсад қидинган. Энг муҳими, туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади.

Шунингдек, бу ердаги замонавий меҳмонхоналар ва Конгресс холл йирик анжуманлар ўтказиш учун ҳам шароит яратади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар шу ерда бўлиб ўтади. Келгуси йилда эса, қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади.

“Боқий шаҳар достони” мусиқали ҳикояси янги марказнинг образли ифодаси бўлди. Халқимиз ва дунё санъати уйғунлашган шоу маросимга ўзгача шукуҳ бағишлади.