Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро туризм академиясида Самарқанд кампуси фаолияти ташкил этилади
19:37 / 2025-11-22

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бутун туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академиясида Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида ташкил этилган Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятининг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат: 

а) дунёнинг энг нуфузли топ-10 рейтингига кирган таълим ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;

б) 2025-2028 йилларда туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият олиб бораётган 2,8 минг нафар мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; 

в) 1 ойгача бўлган малака ошириш ҳамда 8 ойгача бўлган қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этиш. 

Академия “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг ташкилий тузилмасига киради. 

Академияда ўқитиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади. 

Қайта тайёрлаш ўқув курсларини муваффақиятли битирувчиларга ва малака ошириш ўқув курсларини тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга сертификат берилади. 

2025 йил 1 декабрдан бошлаб туризм соҳаси объектлари мутахассислари ўз маблағлари ҳамда иш берувчи ва буюртмачи ташкилотларнинг маблағлари (бюджет маблағлари) ҳисобидан шартнома асосида қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.

Академиянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат: 

а) туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг инновацион шкулларини ишлаб чиқиш ва жориш этиш;

б) замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаган ҳолда туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари учун юқори малакали профессионал кадрларни миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлашни таъминлаш; 

в) таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва ёш мутахссисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларидаги таълим муассасаларига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий қилиш; 

г) туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасининг оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш; 

д) таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш; 

ж) туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг соҳадаги етакчи муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш; 

з) етакчи хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда ҳамкорликда ўқув дастурларини амалга ошириш. 

Академия тузилмасида туризмнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш йўналишида халқаро илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Глобал яшил туризм стартаплари лабораторияси, шунингдек, университет тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Бадиий галарея” ўқув лабораторияси ташкил этилади.

ЎзА