Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатларнинг иқтидорли мутахассислари Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида таълим олиши бўйича махсус грант ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга кўра, Академия ҳузуридаги “Глобал яшил туризм стартаплари” лабораториясининг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
республикада “яшил туризм” талабларини кенг қўллашга кўмаклашувчи инновацион ишланмаларни яратиш;
стартап лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан, замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансферини амалга оширишда кўмаклашиш;
стартап лойиҳалар ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан янги маърузалар, қўлланмалар, ўқув материаллари яратишда ҳамда “яшил туризм” масалалари билан боғлиқ ўқув фаолиятининг бошқа шаклларида фойдаланишни ташкил этиш;
“яшил туризм” йўналишида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш, уларнинг натижаларини тижоратлаштириш ва кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;
“яшил туризм” йўналишидаги стартап лойиҳаларни, илмий-тадқиқот ишлари ва олинган натижаларни мунтазам муҳокама қилиб бориш.
Мазкур Низом Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатларнинг иқдидорли мутахассислари Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида таълим олиши (қайта тайёрлаш ва малака ошириш) бўйича махсус грант ажратиш тартибини белгилайди.
Унга кўра ҳар йили Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассисларига Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида таълим олиш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан махсус грант ажратилади.
Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида махсус грант асосида таълим оладиган мутахассислар йил давомида ўтказиб бориладиган танлов орқали аниқланади.
Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2025 йил 20 ноябрдаги ПҚ-З 50-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида:
а) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти ўртасида тузилган келишув битимига мувофиқ Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси ташкил этилган;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 12 январдаги ПФ-9-сон Фармонида Академияда юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили Давлат бюджети ҳисобидан маблағлар ажратиб борилиши;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-269-сон қарорида:
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Академияда меҳмонхоналар ва ресторанлар учун юқори малакали хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
Академияга талабаларни қабул қилиш квоталари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиқиб белгиланган;
Академия Самарқанд шаҳрининг Бобур Мирзо кўчаси За-уй манзилидаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига қарашли бинога бепул жойлаштирилиши назарда тутилган эди.
ЎзА