Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро Траст фонди Оролбўйи минтақаси учун яна учта янги лойиҳани маъқуллади
14:04 / 2020-12-26

БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди Бошқарув қўмитаси аризаларни қабул қилиш бўйича иккинчи чақириқ доирасида ёшлар, инновация ва соғлиқни сақлаш йўналишларига оид умумий қиймати 6 миллион доллардан ортиқ бўлган 3 та янги лойиҳани молиялаштиришга қарор қилди.

Ушбу аризалар мустақил экспертлардан иборат баҳолаш қўмитаси томонидан олдиндан кўриб чиқилди. Экспертлар таркиби ҳукумат органлари вакиллари, БМТ ходимлари, мустақил эксперт ва Траст фонди техник котибияти аъзосидан иборат. Кўриб чиқиш натижасида аризалар Траст фонди талабларига жавоб беради, деб топилди ва белгиланган тартибда тасдиқланди.

Биринчи лойиҳа — “COVID-19” пайти ва кейинги даврда ёшлар истеъдодини жалб қилиш, сув, санитария, гигиена ва овқатланиш сифатини яхшилаш орқали Қорақалпоғистоннинг барқарор келажагига сармоя киритиш" — БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНОДС) ва Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан биргаликда амалга оширилади. Лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан 5000 бола ва ўспириннинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда овқатланишини яхшилашга қаратилган. 10-17 ёшли ўн минг қиз микронутриентлар билан таъминланади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг уч тумани — Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатовдаги 15 та мактабда соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яхшиланади.

Режага кўра, ҳар йили 181 мингдан зиёд киши сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Хусусан, 20 та бирламчи тиббий-санитар ёрдам муассасасида сув таъминоти тизими ва санитария-гигиена инфратузилмаси яхшиланади. Бундан ташқари, 520 нафар ёш малака ошириш дастури доирасида билим ва имкониятини кенгайтиради.

Иккинчи лойиҳа — "Оролбўйи минтақасининг заиф аҳоли пунктларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун мослашувчан салоҳиятини кучайтириш орқали ёшлар ва заиф аҳолининг ижодий ва инновацион салоҳиятини тарғиб қилиш" БМТнинг Тараққиёт дастури, ЮНОДC ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан биргаликда амалга оширилади. Дастур 1500 га яқин қишлоқ ёшлари ва аёлларни қамраб олади. Хусусан, ёшларнинг стартап-лойиҳалари ва бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуслар жорий этилади. Бундан ташқари, дастур 300 аёл ва ёшга қишлоқ хўжалигида янги усулларни қўллаш имконини беради ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари, 9 та намойиш майдончаси ташкил этиш орқали 75 кишини иш билан таъминлаш учун шароит яратади. Қолаверса, 120 талаба ва 300 нафар ёш йигит-қиз рақамлаштириш соҳасидаги ташаббус, платформа ва ижтимоий инфратузилма лойиҳалари ёрдамида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўз касбий салоҳиятини оширади.

Учинчи лойиҳа — "Қорақалпоғистонда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни умумхалқ қамраб олиш йўлида" Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Тиббий муассаса, асбоб-ускуна ва кадр ресурсларига келгусидаги инвестиция тўғрисида маълумот бериш учун Мўйноқ тумани аҳолиси эҳтиёжи баҳоланади. Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш минтақадаги аҳоли хавфсизлиги, шу жумладан сув, энергетика ва йўл инфратузилмасининг янада кенгроқ жиҳатларини ҳисобга олиш имконини беради.

Асосий донорлар Траст фонди, Европа Иттифоқи, Финландия, Норвегия, Корея Республикаси ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳисобланади.