Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро тўқимачилик конференцияси ишбилармонларни ягона мақсад йўлида бирлаштирди
18:36 / 2024-09-13

Бугун Тошкентда илк халқаро тўқимачилик конференцияси ўтказилди.

Соҳа масъуллари, уюшмалар, сорсинг компаниялари, бир қатор брендлар ва элчихона вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз тўқимачилик саноатининг ютуқлари, галдаги режалар ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз тўқимачилик ва кийим-кечак саноатида ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида пахта толасини қайта ишлаш 2017 йилдаги 40 фоиздан 100 фоизга етди. Тармоқдаги имкониятлар сабабли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробар кўпайди, уларнинг экспорти 4 карра ортди. Авваллари 70 фоиз хомашё экспортни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда хорижга сотилаётган товарларнинг 60 фоизини тайёр маҳсулотлардир.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси в.б. Мирмуҳсин Султоновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда тўқимачилик саноатига доир халқаро тадбирлар кенг миқёсда ташкил этилаётгани Ўзбекистоннинг глобал тўқимачилик таъминот занжири ўсиб бораётганидан далолатдир. 

[gallery-19257]

— Бугун пойтахтимиз яна бир нуфузли халқаро тадбирга меҳмонлик қилмоқда. Ушбу анжуман соҳадаги илк тадбирлардан бири ҳисобланади. Қувонарлиси, у 10 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, уюшмалар, сорсинг компаниялари, бир қатор брендлар ва элчихона вакилларини ягона мақсадга бирлаштирмоқда. Бундан кўзланган мақсад ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали юқори иқтисодий натижаларга эришишдир. Шунга қарамай, кейинги йилларда биз халқаро ҳамкорларимиз доирасини сезиларли даражада кенгайтирдик. 2023 йилда мамлакатнинг тўқимачилик саноати маҳсулотлари 75 дан ортиқ давлатга экспорт қилинди. Бунда экспорт миқдори тахминан 3,5 миллиард долларни ташкил этади. Келгуси режаларимиз янада улкан. 2026 йилга келиб, экспорт ҳажмини 6,5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бугунги мулоқот ва унинг натижасида эришиладиган ҳамкорлик бизнинг ана шу мақсадга эришишимизда муҳим аҳамият касб этади, – деди М.Султонов. 

Айтиш жоизки, бугун Ўзбекистон сўнгги йилларда дунё тўқимачилик бозоридаги ўз ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Кластер тизимининг татбиқ этилиши, пахтани 100 фоиз қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ассортиментининг кенгайиши каби ютуқлар халқаро ҳамкорлар эътиборини тортмоқда.

Конференцияда Франциянинг Ўзбекистондаги Аурелия Бушез хоним икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, тўқимачилик соҳасида бу борада эришилаётган натижаларга тўхталиб ўтди.

– Аввало, ушбу тадбирда иштирок этганимдан хурсандман. Мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳалар қаторида тўқимачилик саноати йўналишида ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан юртимиздаги соҳага доир қатор компаниялар билан йўлга қўйилаётган алоқаларни алоҳида таъкидлаш лозим. Умуман олганда, бизнинг машҳур брендлар Ўзбекистон ишбилармонлари билан ишлашга ҳамиша тайёр, –деди элчи.

Конференция доирасида B2B форматдаги учрашувлар ҳам ўтказилди.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА