Бундан бир мунча вақт олдин Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали, Туркиянинг етакчи Medical Park клиникалар тармоғи ҳамда “Ўзбегим” ассоциацияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу келишув доирасида халқаро тиббий тажрибаларни жорий этиш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш механизмларини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Мазкур меморандум ижроси доирасида Туркиянинг Medical Park клиникалар тармоғи шифокор-онкологи, клиника директори Мустафо Серкан Алемдар Сирдарё вилоятига амалий ташриф буюрди. Ташриф чоғида у Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали ҳамда Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида бўлиб, маҳаллий соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар давомида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида кенг тарқалган, оғир асоратларга олиб келувчи онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта ташхислаш ҳамда замонавий даволаш усуллари юзасидан халқаро клиник протоколлар асосида фикр алмашилди. Хусусан, онкологияда скрининг тизимини такомиллаштириш, индивидуал даволаш тактикаси ҳамда беморга йўналтирилган ёндашув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, меҳмон муассасаларда даволанаётган беморлар, улар учун яратилган тиббий-ижтимоий шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ташхислаш ва даволашда қўлланилаётган усулларни ўрганди. Ташриф доирасида Мустафо Серкан Алемдар сирдарёлик мутахассислар билан ҳамкорликда кўкрак бези саратони, ошқозон-ичак тизими ўсмалари, бош ва бўйин рак касалликлари, ўпка раки, простата раки, шунингдек, аёлларда учрайдиган бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони билан касалланган беморлар учун бепул маслаҳат учрашувларини ташкил этди.
Бундан ташқари, химиотерапия, иммунотерапия ва таргет терапия каби замонавий даволаш йўналишлари бўйича маҳаллий онкологлар билан амалий тажриба алмашилди. Юқори технологияли тиббий хизматларни жорий этиш, инновацион даволаш усулларини қўллаш ҳамда клиник натижаларни яхшилаш борасида қатор илмий-амалий тавсиялар берилди.

– Ўзбекистонга, хусусан, Сирдарё вилоятига илк бор ташриф буюряпман, – дейди Мустафо Серкан Алемдар. – Бу ерда мени жуда илиқ кутиб олишди. Ташриф давомида бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлдим, сирдарёлик тиббиёт ходимлари билан онкология ва хотин-қизлар саломатлигига оид долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдик.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор, тиббиёт муассасаларида яратилаётган шарт-шароитлар унда катта таассурот қолдирган.
– Онкология муаммоси фақат Туркия ёки Ўзбекистонга хос эмас, балки бутун дунё учун глобал муаммога айланган. Шу боис бу борада халқаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш жуда муҳим. Ташриф доирасида онкологик касалликлардан азият чекаётган беморлар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этдик. Муассасаларда даволанаётган беморлар ҳолати, уларни ташхислаш ва даволашда қўлланилаётган усуллар бўйича маҳаллий шифокорлар билан амалий мулоқот ўтказдик.
Шу билан бирга, Мустафо Серкан Алемдар ташхислаш жараёнларида айрим замонавий тиббий ускуналарнинг етишмаслиги муайян қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкинлигини ҳам қайд этди.

– Бу масалаларни маҳаллий раҳбарлар билан ҳамкорликда, келишилган ҳолда ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайман. Келгусидаги ташрифларимиз давомида юқори аниқликка эга тиббий аппаратуралардан фойдаланган ҳолда кенг қамровли тиббий кўриклар ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Шу мақсадда ўз тавсия ва маслаҳатларимизни бердик.
– Бугунги кунда онкологик касалликлар, айниқса, аёллар ва болалар саломатлиги билан боғлиқ мураккаб ҳолатлар бутун дунё тиббиёти олдида долзарб масала бўлиб турибди, – дейди Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори, акушер-гинеколог Шаҳло Хўжаева. – Шу боисдан ҳам Туркиянинг етакчи Medical Park клиникалар тармоғи билан йўлга қўйилган мазкур ҳамкорлик меморандуми биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Бу келишув нафақат алоҳида бир ташриф ёки тажриба алмашуви билан чекланиб қолмайди, балки узоқ муддатли, тизимли ҳамкорликка асос солади.

Шунингдек, у мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган стратегик вазифалар билан уйғундир.
– Биз ушбу ҳамкорликни фақат онкология йўналиши билан чеклаб қолмасдан, келгусида акушерлик-гинекология, неонтология, репродуктив саломатлик каби соҳаларда ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Бу эса Сирдарё вилояти тиббиётини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлади, – деди Шаҳло Хўжаева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири