Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академиясининг мамлакатимизда 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида Халқаро анъанавий «Тасвирий ва амалий санъат фестивали»ни ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил 18-22 апрель кунлари республикамиз бўйлаб Бадиий академия ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.
Ихлосмандлар беш кун давомида юртимиз ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ижод усталарининг беназир санъат намуналаридан баҳра олиб, ижодий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўладилар.
[gallery-6648]
Фестиваль доирасида Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида (30 дан ортиқ лойиҳа) иштирокчиларнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари намойиш этилади.
– Фестивалда тасвирий ва амалий санъат соҳасида таълим олаётган ҳамда ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг 30 ёшгача бўлган қатлами қатнашади, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Лойиҳалар орқали жами 10 минг нафардан ортиқ олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчи-талабалари ва маҳалла ёшлари қамраб олиниши белгиланган. Бу йилги Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали лойиҳа ва тадбирлари «маҳаллабай», барча қатламдаги ёшлар иштирокида «маҳалла-ҳудуд-республика» вертикал тизими асосида ташкил этилади.
Тадбирда санъат мухлисларига завқ, ижодкорларга эса илҳом улашувчи ушбу анъанавий санъат ҳафталигида Ўзбекистон Республикасидаги 11 та хорижий дипломатик ваколатхоналар, Тожикистон, Польша, Россия ҳамда Корея каби давлатлардан 24 нафар хорижий ижодкор ва меҳмонларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Гулноза БОБОЕВА, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА