Тошкентда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари талабалари учун Huawei «Seeds for the Future 2024» таълим дастурининг ёпилиш маросими, шунингдек, "Tech4Good" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бир ҳафта давомида 14 мамлакатдан келган 150 нафар лойиҳа иштирокчилари илғор АКТ технологияларини ўрганиш, технологик етакчилик кўникмаларини ошириш ҳамда жаҳон тенденциялари бўйича ташкил этилган маърузаларни тинглади.

Маросимда Ўзбекистон АКТ сектори вакиллари, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар вакиллари, шунингдек, Huawei компанияси раҳбарияти иштирок этди.
Маросимда «Seeds for the Future 2024» дастури доирасида ҳар йили ўтказиладиган «Tech4Good» танлови ғолиблари: Қувайтнинг «Future Gadget Lab» жамоаси ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Team Beyond Limits» жамоаси тақдирланди.

Жамоалар келгуси йили Хитойда бўлиб ўтадиган глобал финалдаги иштирокини давом эттиради. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Уммон талабаларининг лойиҳалари ҳам алоҳида эътироф этилди.
Ўтган йили «Tech4Good» танловининг минтақавий ғолиби «Aquatibia» лойиҳаси билан Ўзбекистон жамоаси бўлган эди. Бу йил саккиз маҳаллий университетдан 15 нафар ўзбекистонлик талаба мазкур лойиҳада иштирок этди. Сўнгги тўққиз йил ичида ўзбекистонлик 147 нафар талаба Huawei дастури иштирокчисига айланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА