Фаластин-Исроил инқирози Украинанинг ЕИдан олаётган ёрдамига сираям таъсир қилмайди, дея баёнот берди Еврокомиссия вакили Эрик Мамер.
ЕИ дипломатия хизмати матбуот котиби Петер Стано ҳам “Украинага ёрдам масаласида қатъий ўзгариш бўлмайди”, дея ишонтирди.
Яқин орада НАТОнинг бир неча мамлакати Украинага қирувчи F-16 самолёти етказиб беради, деб ваъда берди Альянс бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ. Шунингдек, сиёсатчи 2024 йил Вашингтондаги саммитда Украинанинг аъзолиги ижобий кўриб чиқилади, деган мурожаатга жавобан, Киевга “ички тизим ислоҳотини тезлаштириш” зарурлигини уқтирди.
-Бундай ислоҳот мамлакатнинг нафақат НАТОга кириши, балки кучли иқтисодий давлат ва жамият қуриши учун зарур, - деган у.
Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Исроил ва ХАМАС ўртасидаги можаро туфайли Украина масаласи иккинчи даражага тушмоқда, деган. Унинг айтишича, Форс қўлтиғи ва ЕИ ТИВ раҳбарлари учрашувида илк бор Украина масаласи кун тартибида охирги ўринни эгаллайди. “Исроилга террор ҳужуми халқаро сиёсий вазиятни чақмоқдек ўзгартириб юборди”.
Руминия Президенти Клаус Йоханнис бугун Бухарестга келаётган Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашади. Матбуот хизмати хабар беришича, ташриф Руминия Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлаши асносида ўтади.
“Музокара чоғида минтақада ва Қора денгиз атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият кўриб чиқилади”, - дейилган баёнотда.
“Исроил ва ХАМАС ўртасидаги кескинлик Ғарб томонидан Киевни қўллаш заифлашишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун Киев Москва билан вақтинча ярашувга бориши керак, деди Украина собиқ Президенти Леонид Кучманинг маслаҳатчиси Олег Соскин.
- Қўшма Штатлар маблағ бермайман, деб турибди, ЕИда ҳам маблағ ва қурол-аслаҳа йўқ”, - деди у ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб.
Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев баёнотига кўра, НАТО томонидан Киевга берилган қурол-аслаҳа Исроилда фаол қўлланмоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба айтишича, Вашингтон ва Киев ўртасидаги муносабат Америкада президентлик сайлови яқинлашиши билан тобора оғирлашади. Унинг фикрига кўра, аксарият сиёсатчилар сайлов олди кампаниясида диққатини Украина можаросига қаратади. Бу ҳақда мулозим “Forbes” нашрига интервьюсида айтган.
Кулеба президентлик сайлови “қисқа муддатли” кампания, Украинани қўллаш эса Вашингтоннинг стратегик манфаатидан келиб чиқади, деган.
Президент Зеленский тасдиқлаган фармонда Хавфсизлик кенгаши талаби билан 2024 йил хавфсизлик ва мудофаа секторини молиялаштириш ялпи ички маҳсулотнинг 21,6 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланган. Соҳани молиялаштириш, тахминан, 46,3 миллиард долларга тушади.
Аброр Хон, ЎзА