Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 майдаги “Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилган эди.
Университет Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университетда таълим грант ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида (IAU) талабаларга грантларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда 75 га яқин талаба алоҳида муваффақиятлари учун тақдирланди.
[gallery-13060]
– Маълумки, мазкур олий ўқув юртининг вазифаси қишлоқ хўжалиги саноати учун замонавий талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат, – дейди Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида (IAU) ректори Мунира Аминова. – Таълим муассасаси етакчи хорижий университетлар билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиради. Биз иқтидорли талабаларнинг академик ютуқларини нишонлашдан ва уларга қишлоқ хўжалигида муваффақият қозонишлари учун замин яратиб беришдан мамнунмиз.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, университет агрономия, биотехнология, ақлли қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа йўналишларда дастурларни тақдим этади. Битирувчиларга Британия университети дипломи берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА