Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётига барқарор валюта оқими сифатида хизмат қилмоқда (+видео)
07:09 / 2025-11-21

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан REMIT PRIME (IFAD, Европа Иттифоқи) дастури билан ҳамкорликда “Молиявий инклюзивлик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни оширишда халқаро пул ўтказмаларининг аҳамияти” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда халқаро экспертлар, пул ўтказмалари соҳасидаги мутахассислар, молиявий хизматлар тармоғи ва қишлоқ ҳудудларида фаолият юритувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, REMIT PRIME дастури — молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббус. REMIT PRIME — Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) кўмагида амалга ошириладиган ва Европа Иттифоқи билан биргаликда молиялаштириладиган халқаро дастур. Дастур доирасида халқаро пул ўтказмалари тизими такомиллаштирилади.

 Аҳолининг молиявий хизматларга кириш имкониятлари кенгаяди. Рақамли тўлов ечимлари ривожлантирилади. Пул ўтказмаларини қабул қилувчи хонадонларнинг иқтисодий фаоллиги қўллаб-қувватланади. IFAD эса, ўз навбатида қишлоқ ҳудудларининг барқарор ривожланиши, уй хўжаликлари даромадларининг ошиши ва кам таъминланган аҳоли учун молиявий имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади.

Халқаро пул ўтказмалари Ўзбекистондаги аксарият хонадонлар учун муҳим кўмак сифатида хизмат қилмоқда. Бу маблағлар таълим ва соғлиқни сақлаш харажатларини қоплаш, кичик бизнесни бошлаш ёки кенгайтириш, оилавий даромадни барқарорлаштириш каби йўналишларда қўлланилади. Шу билан бирга, пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётига барқарор валюта оқими сифатида хизмат қилмоқда ҳамда камбағалликни қисқартиришда муҳим омил ҳисобланади.

 Сўнгги етти йилда миллий молиявий секторда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. 2017 йили аҳолининг атиги 37 фоизи банк ҳисоб-варағига эга бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 60 фоизга етди.

Айниқса, аёллар ўртасида ўсиш янада таҳсинга сазовор: банк ҳисоб-варағига эга аёллар улуши 61 фоизни ташкил этиб, эркаклар кўрсаткичидан (59%) юқори.

Рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Аҳолининг, 82 фоизи мобил телефон, 69 фоизи смартфондан фойдаланиши рақамли молиявий хизматларни янада ривожлантириш учун катта имконият яратмоқда. Шаҳар ва қишлоқдаги фарқ ҳам анча қисқарган. Шаҳарда 86 фоиз, қишлоқ — 80 фоизга.

Бу эса рақамли тўловлар ва рақамли инклюзивликни кенгайтириш учун қулай шароит мавжудлигини англатади.

Тадбир иштирокчилари пул ўтказмаларини қабул қилувчиларни иқтисодий фаолликка интеграция қилиш механизмлари, аҳоли учун долзарб молиявий маҳсулотлар ва хизматлар, рақамли саводхонликни ошириш воситалари, қишлоқ ҳудудларини қамраб олишда рақамли технологиялар имкониятлари каби мавзуларни муҳокама қилди.Шунингдек, Ўзбекистон молия бозоридаги мавжуд ечимлар таҳлил қилиниб, миллий шароитга мослаштирилган халқаро тажрибалар ўрганилди.

– Биз айни пайтда Ўзбекистондаги молия институтлари билан яқиндан ишлаяпмиз. Мақсад аҳоли ва уй хўжаликлари томонидан олинадиган пул ўтказмалари бизнесни бошлаш, кундалик харажатлар ёки бошқа эҳтиёжлар учун самарали ишлатилишини таъминлашдан иборат, – дейди IFADнинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий дастури молиявий координатори Павел Шуст. –Энг долзарб масалалардан бири бу хизматларнинг фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, яъни аҳолига банк хизматларига осон кириш имконини яратишдир. Иккинчи масала олинган пул ўтказмаларидан самаралироқ фойдаланиш имкониятини яратиш, масалан, бизнес бошлаш, жамғарма қилиш ёки болаларнинг таълимига йўналтириш. Бу муаммо нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг аксарият давлатларида долзарб. Шу боис биз минтақадаги манфаатдор томонлар билан ҳамкорликда ушбу масалаларни ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.

<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/QpexRvP0uWI" title="Xalqaro pul o`tkazmalari mamlakat iqtisodiyotiga barqaror valyuta oqimi sifatida xizmat qilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова,

Ойбек Давронов (видео), ЎзА