Тарихга назар солсак, кишилик ҳаётининг барча даврларида инсон ҳаётида почта алоқаси алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Бинобарин, бугунги кунда айримлар қарашида почтанинг ҳозирги кундаги мавқеи, аҳамияти камайгандек, гўё. Жаҳон амалиёти эса бунинг аксини, яъни почта алоқаси соҳасининг ўрни, роли ҳозир янада ортгани, замонавийлашгани, бу йўналиш янги хизмат турлари билан бойигани, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт шароитида замонавий технологияларга асосланган ҳолда ривожланаётганини кўрсатмоқда.
- Сўнги йилларда республикамизда почта алоқаси хизмати сифати кун сайин пасайиб, талабга жавоб бермай қолгани ҳукумат, соҳа раҳбарияти, мутахассисларни ташвишга солаётган эди, - дейди UzPost “Халқаро почтамт” филиали директори вазифасини бажарувчи Олег Ревтов. - 2020 йил 14 декабрда “Почта алоқаси хизмати кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилиниши соҳани такомиллаштириш, хусусан, “Халқаро почтамт” фаолиятини тубдан янгилашга қаратилган муҳим воқеа бўлди. Мазкур ҳужжат асосида тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилди.
Масалан, тез орада “Халкаро почтамт" ҳудудида товарларни сақлаш, қабул қилиш ва топширишга мўлжалланган, барча халқаро талабларга жавоб берувчи фулфилмент маркази (омбор) ишга туширилади. Марказнинг умумий майдони 2 минг кв/м. Омборда 3 та бўлим мавжуд. Биринчи бўлим товар ва материал қабул қилиш, иккинчи бўлим эса буюртмаларни саралаш ва йиғиш учун мўлжалланган. Учинчи бўлимда товар ва материаллар муайян ҳароратли муҳитда сақланади.
Жорий йил «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан Тошкент, Бухоро, Хоразм ва Асака шаҳарларида 4 та фулфилмент маркази ишга туширилади. 2025 йилгача мамлакат бўйлаб шундай автоматлаштирилган фулфилмент марказлари сони 30 тага етказилиши кутиляпти.
2021 йил UzPost онлайн савдо платформасини ҳам ишга туширди. “Unisavdo” номли ушбу майдоннинг Android ва iOS тизимлари учун мобил иловаси 2021 йил май ойида тақдим этилган. Ҳозирги кунгача “Unisavdo”га жойлаштирилган 300 дан зиёд тадбиркорнинг 14 000 дан ортиқ турдаги маҳсулоти республика бўйлаб етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, юқорида қайд этилган “Йўл харитаси” асосида “Халқаро почтамт” филиалига қўшимча равишда 4 та “Isuzu” юк автомашинаси ҳамда 2 та “Volkswagen caddy” ихчам автомобили ажратилди. Ушбу машиналар автомагистрал йўналишда почта жўнатмаси оқимини тезлаштиришга, Тошкент шаҳри ва бутун Ўзбекистон бўйлаб курьерлик жўнатмасини етказиш муддатини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 1993 йил 1 мартда Алоқа вазирлиги буйруғи билан Тошкент темир йўли қошидаги почтамтга «Халқаро почтамт» мақоми берилган. 1997 йил корхона давлат тасарруфидан чиқарилиб, «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ таркибидаги «Халқаро почтамт» ихтисослаштирилган филиалга айлантирилган.
«Халқаро почтамт» тармоқдаги тун-у кун, дам олиш кунисиз фаолият юритадиган ягона корхона ҳисобланади. Бу ерда ҳар куни ўртача 2700 та буюртма ва қимматбаҳо хат қабул қилинади. 1300 та оддий ва буюртма бандерол, 400 та майда пакет ва 200 кг оддий хат, 450-500 жўнатма, даврий нашрлардан иборат 250 та қопга ишлов берилади. Мазкур филиал республикамизнинг халқаро почта алмашинуви бош маркази сифатида жаҳон почта уюшмасига аъзо 100 дан зиёд мамлакат билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Бутунжаҳон почта иттифоқи индексида UzPost “Халқаро почтамт” филиали 93-ўринда қайд этилди.
Ҳозирги вақтда 28 мамлакат билан халқаро почта алмашуви, ички магистрал йўналишларда, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилояти билан почта алмашуви «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси рейслари орқали амалга оширилмоқда. Айни пайт “Халқаро почтамт” таркибида ёзма хат-хабарларни саралаш, халқаро ва авиа почтага ишлов бериш, жўнатма алмашиш каби қатор цех, бўлимлар фаолият юритмоқда. Филиалда меҳнат қилаётган 303 ишчи-хизматчининг учдан бир қисми, яъни 130 нафари ёш мутахассис экани қувонарли.
Умуман, “Халқаро почтамт” фаолиятида замонавий ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Логистика марказлари, товарни сақлаш ва етказиб беришни бирлаштирган хизмат йўлга қўйилиб, ривожлантириляпти. Почта йўналишига ва курьерликка ихтисослашган маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “якуний манзил” хизмати жорий этиляпти.
Корхонада почта алоқаси анъанавий хизматини такомиллаштириш, соҳани рақамлаштириш, жўнатмани қабул қилиш, кузатиб бориш ҳамда етказиш жараёнига ахборот технологияларини жорий этиш орқали “Гибрид почта” жўнатмасини қабул қилиш ва етказиб бериш хизмати ҳажмини 2 баробар ошириш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, почта соҳасида олиб борилаётган саъй- ҳаракатлар соҳа мутахассислари ва энг муҳими, аҳоли учун қулайлик яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Гўзал Сатторова,
ЎзА