Наманган вилоятида жорий йил 25-29 март кунлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ФИФА кунлари доирасида “Navruz Cup – 2022” халқаро ўртоқлик турнири ўтказилади. Мазкур мусобақада мезбон Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан биргаликда Тожикистон, Қирғизистон ва Уганда давлати терма жамоалари ҳам иштирок этади.
Марказий Осиё ва Африка қитаъалари вакиллари иштирокидаги ўзига хос турнирда қатнашиш учун терма жамоалар делегациялари бирин-кетин водийга етиб келди. Мусобақага биринчилардан бўлиб чегара пости орқали қўшни Тожикистон миллий терма жамоаси аъзолари Наманганга етиб келган эди. Бугун халқаро мусобақанинг навбатдаги иштирокчилари – Уганда, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари футболчилари аъзолари ва мураббийлар штаби аъзолари етиб келди.
[gallery-6268]
Меҳмонлар турнир ташкилотчилари томонидан Наманган халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан пухта ҳозирлик кўрилди. Дарвоқе, терма жамоалар бугуннинг ўзидаёқ тайёргарлик жараёнларига киришиб, дастлабки машғулотларни олиб боришади.
Жамоалар дастлаб ярим финал учрашувларини ўтказишади. Унда 25 март куни Уганда терма жамоаси Тожикистон билан, мамлакатимиз терма жамоаси эса қирғизистонлик футболчилар билан баҳслашади. Ғолиблар биринчи ўрин учун, мағлуб жамоалар эса учинчи ўрин учун майдонга тушади. Барча ўйинлар Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, бош мураббий Сречко Катанец мазкур турнирда қатнашиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига суперлига баҳсларида тўп сураётган ва хориж давлатларида тўп сураётган 25 нафар футболчини жалб этган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.