Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро олимпиадада "Ёш геолог" жамоаси муносиб иштирок этди
09:35 / 2025-08-07

Жорий йилнинг 31 июль - 4 август кунлари Россия Федерациясининг Пермь ўлкасида ёш геологларнинг XV очиқ дала олимпиадаси ўтказилди.

Ушбу нуфузли халқаро танловда дунёнинг турли мамлакатларидан келган иқтидорли ёш мутахассислар қатнашди. Улар геология фанининг турли йўналишлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини намойиш этди.

Мазкур мусобақада "Ёш геолог" жамоаси Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Жамоа таркибидаги иқтидорли ва билимдон ёшлар палеонтология, петрография, минералогия, геохимия, геоэкология каби мураккаб ва аҳамиятли фанлар бўйича ўз билим ва маҳоратларини намойиш этиб, умумий натижаларга кўра фахрли учинчи ўринни эгаллашди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бундан ташқари, юртдошларимиз яна бир муҳим мукофотга сазовор бўлишди. Хусусан, "Икки нуқтадан ўтувчи вертикал текисликда (створ) машаққатли ва аниқ иши учун" номинациясида Ўзбекистон жамоаси “Гидроспецгеология” корхонасининг рағбатлантирувчи мукофотига лойиқ деб топилди. Бу мукофот геологик тадқиқотларда юқори аниқлик ва касбий етукликни талаб қиладиган топшириқни муваффақиятли бажарганлик учун берилади.

Мазкур халқаро мусобақада қўлга киритилган натижа Ўзбекистонда геология соҳасига қаратилаётган эътибор ва ёш авлоднинг илмий салоҳиятини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самараси эканини яққол намоён этди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА