English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро олимпиада ғолиблари тақдирланди
16:36 / 2023-10-28

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги II халқаро олимпиада бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган математиклар беллашувида Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва мамлакатимиздаги жами 40 дан зиёд олий таълим муассасасидан 200 нафар талаба иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 августдаги  “Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Халқаро олимпиадани ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилган  олимпиададан кўзланган асосий мақсад буюк математик олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг бутун дунё фан ва цивилизациясига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда танитишдан иборат, шунингдек, билимли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни бошланғич ва аниқ фанлар билан шуғулланишга кенг жалб этишдир.  

[gallery-14270]

Иштирокчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди. Жумладан, жаҳонга машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи экспонатлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Ш.Аюпов ва бошқалар иштирок этиб, юртимизда математика фанининг ривожи, таълимнинг барча босқичларида янгича ўқитиш ва математик тадқиқотларни олиб бориш учун жуда кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.  

II халқаро олимпиада ғолибларига диплом ва олтин медаллар тантанали равишда топширилди.

Ўтказилган фан олимпиадасида жамоа ҳисобида биринчи ўринни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, иккинчи ўринни Туркманистон  Халқаро гуманитар фанлар ва тараққиёт университети, учинчи ўринни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети эгаллади.  

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биз, ёшларнинг чуқур билим олишимиз учун барча қулайлик ва шароит яратилган, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети математика факультети 2 босқич талабаси, шахсий ва жамоавий олтин медаль соҳиби Дамир Дилмурадов. – Устозларнинг ишончини оқлаб, олтин медаль соҳиби бўлдим. Олий таълим муассасалари талабаларига яратилган бундай имкониятлар учун Президентимизга миннатдорчилик билдираман.

Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари