Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Рақамли технологиялар шароитида халқаро молия ривожланиши истиқболи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбирда халқаро экспертлар, иқтисодчи олимлар, банк-молия муассасалари мутахассислари ҳамда талабалар иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган устувор мақсад ва вазифалар мужассамлашган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар улушини кескин ошириш устувор мақсад этиб белгиланган. Мамлакатнинг халқаро молия муносабатларидаги иштирокини фаоллаштириш, ташқи савдодаги ўрнини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш айнан мазкур вазифаларнинг самарали ижросига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан белгиланган устувор йўналишлар ва чора-тадбирлардан келиб чиқиб, республикамизнинг халқаро молия тизимига интеграциялашувини кучайтириш истиқболини аниқлаш ҳамда бу борада илмий таклифлар, амалий тавсиялар тайёрлаш бўйича илмий тадқиқот олиб бориш, жумладан илмий-амалий анжуманлар ўтказиш долзарб аҳамият касб этади.
– Конференция мамлакатимизнинг хорижий мамлакатлар ва халқаро молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада ривожлантириш орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт, инвестиция салоҳиятини оширишга қаратилган устувор йўналишларни аниқлашга хизмат қилади, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедра мудири, профессор Жасурбек Отаниёзов. – Анжуманда халқаро молия муносабатларда рақамли технологияларни фаол қўллаш, Европа рақамли молия стратегияси илғор тажрибасидан унумли фойдаланиш масалаларига доир маълумотлар берилди.
Шунингдек, яшил молия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ислом молияси инструментларини мамлакат банк-молия тизимига жорий этиш, рақамли иқтисодиёт шароитида Ўзбекистоннинг халқаро молия тизимига интеграциясини кучайтириш каби мавзуларда хорижий ва маҳаллий олимлар маърузалари тингланди.
Бундай тадбирлар халқаро молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, илмий асосланган, амалий аҳамиятга эга таклифлар ишлаб чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Гўзал Сатторова, ЎзА