Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлигига оид Конвенцияси ратификация қилинади
15:22 / 2024-07-09

Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси 75 та давлат томонидан ратификация қилинган. Мазкур Конвенция барча иқтисодий фаолият соҳаларини ўз ичига олиб, давлат хизматида ишловчиларга, ёлланиб ишловчиларга, шунингдек, бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида бўлган ишчи ва ходимларга татбиқ этилади.

Конвенцияда меҳнат фаолияти жарёни ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ турли бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни янада кучайтириш белгиланган.  

Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжатда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, ишлаб чиқариш муҳитини яхшилаш бўйича миллий даражадаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалалари акс эттирилган.  

Эндиликда мазкур Конвенция Ўзбекистон томонидан ҳам ратификация қилинмоқда.  

Қонунчилик палатасининг мажлисида ушбу масала муҳокама қилинар экан, депутатлар мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди. Шунингдек, миллий меҳнат қонунчилигига ишлаб чиқариш жараёнидаги турли бахтсиз ҳодисалар, касб касалликлари, иш вақтида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган халқаро стандартларни самарали жорий этиш имконини беришини таъкидлади.  

Бундан ташқари, Ўзбекистонни истиқболда ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялашуви учун зарур шарт-шароитлар яратиб, преференциялар умумий (бош) тизими доирасида Европа Иттифоқи билан ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.  

Мажлисда “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 22 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.  

М.Комилова,

ЎзА