Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш халқаро ташкилотига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?
15:57 / 2022-09-20

Мамлакат иқтисодиётининг ўсиши шубҳасиз, экспорт салоҳиятини билан боғлиқ. Бироқ, мамлакатларнинг бозор борасидаги ўз қонун-қоидалари, қонунчилик ҳужжатлари, товар ва маҳсулотларнинг кириб келишига алоқадор талаблари бор.

Соҳа тилида айтадиган бўлсак, техник тўсиқлар мавжуд.  Бу тўсиқлар ички бозор сифати ва софлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Уларни бартараф этиш учун давлатларнинг миллий аккредитация идоралари Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) каби халқаро ташкилотларга аъзо бўлишлари, кўп томонлама битимларга қўл қўйишлари лозим. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов мазкур халқаро ташкилотга аъзоликнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан маълумот берди. 

ILAC халқаро ташкилотига аъзо ва кўп томонлама битимларга қўл қўйган давлатлар бир-бирининг маҳсулот сифати синовларини ўзаро тан олади. Яъни, “бир маротаба синовдан ўтказиб, бутун дунёда тан олиш” тамойилига кўра иш юритади. Халқаро тажриба шуни кўрсатяптики, хорижий давлатлар аккредитация идоралари ILAC ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши учун ўртача 5-6 йил талаб этилади. 

Бироқ, амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон аккредитация маркази 2018 йил 19 мартда мухбир аъзо сифатида ILAC сафига қўшилган ва 2020 йил апрель ойида ILAC ҳақиқий мухбир аъзо сифатида тан олинган. 

Марказ олдида турган кейинги вазифалардан бири мазкур халқаро такшилотлар доирасида амал қилувчи аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама Битимга қўшилиш ва бу орқали маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда жаҳон бозорида тўсиқларсиз эътироф этилишини таъминлашдан иборат эди. 

Ушбу натижага эришиш учун марказ ўз фаолиятини тубдан халқаро стандартларга мослаштириш, халқаро миқёсда талаб қилинадиган барча вазифаларни бажариш, Битимларга аъзо бўлган давлатнинг тажрибаларини ўрганиш, халқаро тоифадаги экспертлар билан семинар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиб, фаолиятни янада мукаммаллаштиришга эътибор қаратди. Мутахассисларнинг малакаси оширилди, лаборатория ходимлари учун ҳам қатор ўқув-машғулотлари олиб борилди. 

Ниҳоят, жорий йилнинг январь ойидан март ойига қадар халқаро экспертлар Ўзбекистон аккредитация маркази фаолиятини баҳолашдан ўтказиб, ўзларининг хулосаларини баён этдилар. Умумий ҳисобда марказ фаолияти қониқарли баҳоланиб, камчиликлар борасида тавсиялар берилди. Ушбу камчиликлар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилди ва натижалар ёзма равишда халқаро ташкилотларга тақдим этилди. 

Барча саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2022 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон аккредитация маркази Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорликнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва халқаро стандартлари талаблари ҳамда белгиланган тартиб-таомилларига мувофиқ OʻZAKK синов калибрлаш соҳаларида Аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама Битимга  қўшилди. 

Бунинг натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатларида тан олинишига эришилди. 

OʻZAKK Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик- ILAC ташкилоти билан биргаликдаги фаолиятга муҳим аҳамият қаратади ва ушбу нуфузли ташкилот билан алоқалар Ўзбекистон миллий аккредитация тизимини ривожлантиришдаги устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. ILAC Низомининг мақсади, тамойиллари ва вазифаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон аккредитация маркази барча мажбуриятларни сўзсиз ва бекаму-кўст бажаришни ўз масъулиятига олди. Зотан, ILACга аъзо бўлиш аккредитация тизимининг халқаро стандартлар асосида ишлашининг кафолатидир.  
 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА