Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро кузатувчиларнинг сайлов бўйича хулосалари қандай?
13:02 / 2021-10-25

Юртимизда Президент сайлови юқори савияда бўлиб ўтди. Мазкур сиёсий жараённи кузатиш учун мамлакатимизда бўлиб турган кузатувчилар Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари бўйича ўз хулосаларини билдиришмоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун юртимизга ташриф буюрган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатлари Илхом Маннанов, Азизбек Турсунбаев билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Э.Зоҳидов меҳмонларга тараққиётнинг янги даврида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, меҳмонларни Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови тўғрисида батафсил ахборот билан таништирди.

Таъкидланишича, бу галги Президент сайловининг ўзига хос жиҳати шундаки, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ илк марта октябрь ойида ўтказилди. Яна бир муҳим янгилик — 2021 йилги Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтди.

Учрашув давомида юртимизда кечган сайлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилгани, янги сиёсий технологиялардан унумли фойдаланилгани, аҳолининг сиёсий маданияти юксалиб бораётгани, хусусан, илк бор овоз бераётган ёшларнинг фаоллиги кузатилгани таъкидлаб ўтилди. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган сайловчиларга яратилаётган шароитлар эътиборга молик эканлиги қайд этилди.

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  ЎзА