Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини кузатиш мақсадида юртимизга келган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар Самарқанд вилоятида сайловга ҳозирлик жараёнларини кузатмоқда.

Жумладан, бугун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (EХҲТ ДИИҲБ)нинг қисқа муддатли кузатувчилари, шунингдек, АҚШ, Италия, Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Малайзия давлатлари вакиллари келиб, комиссия фаолияти билан танишди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев ва комиссия аъзолари халқаро кузатувчиларга мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, бу йилги парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайлови кампаниясининг бориши ҳақида батафсил маълумот берди.

– Тошкент ва Самарқанддаги сайлов участкаларида бўлиб, Ўзбекистонда сайловга жуда яхши тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим, – дейди Малайзиядаги Малайя университети ректори Нур Азуан Абу Осман. – Айниқса, сайлов жараёнларида рақамли технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани менга манзур бўлди. Бу сайловнинг адолатли, шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади. Тайёргарликни кўриб айтишим мумкинки, эртага сайлов юқори савияда ўтади ва халқ ўзи учун муносиб вакилларни сайлаб олади.

– Ўзбекистонда ўтказилаётган парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан хурсандман, – дейди Ҳиндистондаги Жавоҳарлал Неру университети қошидаги Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раиси Арчана Упадҳьяй. – Ҳиндистон демократик сайлов тизимига эга ва бунга 75 йил давомида эришган. Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда ўтказилган сайловлар натижалари ва хулосаларидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳозирга сайлов жараёнлари юқори демократик талаблар асосида ташкил этилган. Муҳими, бу доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари