Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Республикаси Референдумини кузатиш бўйича миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари Мариам Адашвили ва Гарольд Отто Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 4-Жиззах округ комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Халқаро комиссия вакиллари дастлаб, 4-Жиззах округ комиссияси аъзолари билан биргаликда Марказий сайлов комиссияси йиғилишини видеоконференция алоқа орқали кузатдилар. 4-Жиззах округ комиссияси раиси Шавкат Шарипов меҳмонларга округ фаолияти, референдумга тайёргарлик жараёнлари, округ комиссияси ваколатлари ва олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Халқаро кузатувчилар округ комиссияларининг таркиби, фаолияти, референдум жараёнини бошқаришда ахборот тизими, овоз берувчиларнинг электрон рўйхати қандай шаклланиши, участка комиссияси аъзолари учун ташкил этилган ўқувлар билан қизиқди. Шунингдек, хориждан келган кузатувчилар 4-Жиззах округ комиссияси раиси ўринбосари Дилбар Пардаева ҳамроҳлигида Жиззах шаҳридаги 24-референдум ўтказувчи участка комиссиясида бўлиб, участка фаолияти ва референдум жараёнларига тайёргарлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА